Навоий вилоятининг Қизилтепа туманидаги «Тўдакўл» дам олиш базаси ҳудудида Халқаро шахмат мактаби ташкил қилинади. Бу президентнинг 4 августдаги қарорида қайд этилган.

Халқаро мактабда Шахмат олимпиадаси ва Осиё ўйинлари, Жаҳон ва Осиё чемпионатлари, универсиадалар ҳамда бошқа мусобақаларда қатнашувчи халқаро даражадаги шахматчилар тайёрланади. Уларни ўқитишга малакали мутахассис-тренерлар, психологлар ва услубчилар, шу жумладан, жаҳоннинг машҳур халқаро гроссмейстерлари жалб этилади.

Ўқув-машқ жараёнларига энг янги илмий-услубий технологиялар жорий этилади. Бу йўл билан шахматчиларни назарий ва техник-тактик жиҳатдан тайёрлаш сифати ошириб борилади. Тренерлар ҳамда шахматчиларнинг касб маҳорати даражасини ошириш учун тажриба алмашиш бўйича хорижий шахмат мактаблари, клублари ва марказлари билан ҳамкорлик қилинади.

Халқаро шахмат мактаби давлат бюджети маблағлари, фаолият ихтисослиги бўйича товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан ва мактабнинг уставидаги вазифаларга мувофиқ бўлган бошқа фаолият турларидан олинган даромадлар, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ва қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалардан молиялаштирилади.

Шунингдек, 2023 йилдан бошлаб шахмат бўйича ҳар йили тизимли равишда қуйидагилар ўтказилади:

  • Ёшлар ўртасида барча ҳудудларда «Рокировка» турнири;
  • Кекса авлод вакиллари ўртасида «Нуронийлар» кубоги;
  • Ногиронлиги бўлган шахматчилар ўртасида «Чексиз имкон» турнири;
  • 8 март — Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган «Women's Chess Championship» халқаро турнири (мукофот фонди 50 000 АҚШ доллари);
  • Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар шахматчилари ўртасида анъанавий «Uzbekistan Chess Open» халқаро турнири.

Аввалроқ, шахмат бўйича халқаро турнир совриндорлари ва уларнинг тренерларига ҳам пул мукофоти берилиши ҳабар қилинганди.