Президент Шавкат Мирзиёев 3 август куни суриштирув ва тергов органлари учун кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш бўйича режалар тақдимоти билан танишди, дея хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Тегишли идоралар мутасаддилари тергов ва дастлабки суриштирувларни олиб боришдаги муаммоли омиллар, янги пайдо бўлаётган таҳдид ва жиноят турларини ҳисобга олган ҳолда терговчи кадрларнинг салоҳиятини оширишга қаратилган чора-тадбирлар юзасидан ахборот берди.

Хусусан, коррупциявий ҳуқуқбузарликлар, иқтисодий жиноятчилик ҳамда кибермаконда ёки ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда содир этилаётган жиноятларни тергов қилиш бўйича фаолиятнинг методик таъминотини такомиллаштириш муҳимлиги алоҳида қайд этилди.

Давлат раҳбари замон талаблари ва халқаро стандартлар асосида суриштирув ҳамда тергов идоралари учун профессионал кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини узлуксиз ошириб боришнинг янги самарали тизимини яратиш бўйича топшириқлар берди.

Евгений Коленко (чапдан иккинчи). Фото: президент матбуот хизмати.

Бош прокуратура академияси раҳбари Евгений Коленко «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида дастлабки тергов органлари олдига замонавий, юқори малакали терговчилар корпусини шакллантириш вазифаси қўйилганини айтди.

Унинг сўзларига кўра, бугунги кунда Ўзбекистонда терговчиларни тайёрлаш ва уларнинг касбий малакаларини ошириш бўйича ягона марказлаштирилган тизим мавжуд эмас. Қолаверса, ягона услубий база ҳамда замонавий таҳдид ва таҳдидларга муносиб жавоб йўқ.

Евгений Коленко кибермаконда жиноятчилик даражаси ўсганини қайд этди. «Албатта, замонавий терговчи ушбу жиноятларни тўғри аниқлаш ва тергов қилиш, электрон далиллар билан ишлаш учун тегишли ваколатларга эга бўлиши керак. Бу президентимиз томонидан олдимизга қўйилган вазифалардир», — деди у.

Бош прокуратура академияси раҳбари терговчиларнинг ихтисослашуви масаласи ҳам алоҳида муҳокама қилинганини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, ҳозирда тор доирадаги, муайян соҳадаги жиноятларни юқори профессионал даражада тергов қилишга қодир мутахассисларни шакллантириш механизмлари мавжуд эмас.