Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги Тайван атрофидаги вазиятнинг ривожланиши муносабати билан юзага келган кескинлик тезроқ бартараф этилишига умид билдирди. Бу ҳақда Дунё ААда тарқатилган расмий баёнотда қайд этилган.

«Ўзбекистон халқаро ҳуқуқнинг умумеътироф этилган меъёр ва тамойилларига мувофиқ, „ягона Хитой“ сиёсатини, ушбу мамлакатнинг суверенитетини, ҳудудий яхлитлигини изчил қўллаб-қувватлайди», — дейилади хабарда.

АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелоси 2 август куни кечга яқин расмий Хитой ўз ҳудуди деб ҳисоблайдиган Тайванга Хитой ҳукуматининг огоҳлантиришларига қарамай, Тайванга ташриф буюрганди. Унинг сўзларига кўра, Америка Конгресси делегациясининг Тайванга ташрифи ўзаро хавфсизлик, иқтисодий шериклик ва демократик бошқарувга қаратилган.

Хитой ташқи ишлар вазирлиги ташрифга кескин норозилик ва танқид билан жавоб қайтарди.

«Бу ягона Хитой принципи ва Хитой-Америка учта қўшма коммюникеси қоидаларини жиддий бузиш, Хитой-Америка муносабатларининг сиёсий пойдеворига жиддий зарар етказиш, Хитойнинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига қўпол равишда тажовуз қилишдир. Бу Тайван бўғози ҳудудида тинчлик ва барқарорликка зарар етказади, „Тайван мустақиллиги“ деб аталадиган бузғунчи кучлар учун мутлақо нотўғри сигналдир», — дея қайд этди ТИВ.

«АҚШ нотўғри ва хавфли йўлдан жуда узоққа бормаслиги керак», — дея якунланади ТИВ хабари.

4 август куни Хитой армияси Тайван атрофидаги денгиз ҳудудлари ва уларнинг ҳаво ҳудудида ҳарбий машқлар ўтказди. Аввалроқ улар 7 августгача давом этиши маълум қилинганди.

«Пайшанба куни соат 13:00 да Хитой Халқ Озодлик армиясининг Шарқий театри қўмондонлиги Тайван бўғозида узоқ масофали жонли отиш машқларини ўтказди ва Тайван бўғозининг Шарқий қисмидаги айрим ҳудудларга мақсадли зарбалар берди», дейилади Хитой глобал телевизион тармоғи хабарида. Якунда қўмондонлик ўқув машқларидан кутилган натижага эришилганини қайд этди.