Сенат 29-ялпи мажлисида «Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 206−1-моддасига ўзгартиш киритиш ҳақида»ги қонун кўриб чиқилди.

Таъкидланишича, ишлаб чиқишда давлатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даражаси, аҳолининг даромадлари, уларнинг ижтимоий-психологик ҳолати, шунингдек, оилаларни сақлаб қолиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда халқаро ташкилотларнинг таклифлари инобатга олинмаган.

Хусусан, хотин-қизларга нисбатан зўравонлик масалалари бўйича қонунчиликни ишлаб чиқишга доир БМТ тавсияларида оиладаги зўравонлик содир этганликда айбланган шахсларга жарима солишни жабрланувчига тушадиган юк сифатида қараш ва шунинг учун ҳуқуқбузарлар учун номақбул жазо тури сифатида қараш кераклиги назарда тутилган.

Муҳокама жараёнида тазйиқ ўтказган ва (ёки) зўравонлик содир этган ёхуд уларни содир этишга мойил бўлган шахс томонидан ҳимоя ордери талабларини бажармаслик учун белгиланган жазо амалда жабрланувчига юк сифатида тушаётганлиги қайд этилди.

«Агар ҳимоя ордерини бажармаганлик учун қонунда таклиф қилинаётган жарима миқдорини оширадиган бўлсак, жабрдийданинг ўзига юк бўлади. Чунки жамиятимизда кўп ҳолатларда аёллар турмуш ўртоғига қарам ҳисобланади. Ўз навбатида, у оиладаги асосий таъминотчи. Агар жарима миқдорини оширадиган бўлсак, у жаримани тўлайди, аммо хотини, боласининг имконияти шу билан чегараланиб қолиши мумкин», — деди Танзила Нарбаева.

«Бошқача айтганда, оила бошлиғи аёлига „сен туфайли жарима тўлаяпман, демак, бошқа маблағ керак бўлса ҳам бера олмайман“, дейиши мумкин. Умуман олганда, жаримани эркакка юклаш жабр кўрган аёлни ҳам жазолаш деб ҳисоблаш мумкин», — деди юқори палата раиси.

Маҳаллий ҳамда хорижий экспертларнинг фикрига кўра, тазйиқ ва зўравонлик содир этган шахсни ҳимоя ордерини бузгани учун жаримага тортиш Хотин-қизларни камситишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисида конвенциясининг 2-моддаси (хотин-қизларга нисбатан ҳар қандай камситувчи ҳатти-ҳаракатлар ва ҳаракатларни содир этишдан ўзини тийиш) бўйича Ўзбекистоннинг ўз зиммасига олган мажбуриятларини бузишига олиб келиш эҳтимолини кучайтиради.

Бу эса, ўз навбатида Ўзбекистон Республикасининг халқаро рейтинг ва индекслардаги кўрсаткичларига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Мажлис давомида оиладаги тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш учун нафақат жавобгарликни ошириш, балки биринчи навбатда маънавий, тарбиявий ҳамда оилани келгусида ҳар томонлама моддий ва баркамол жиҳатдан яшаб кетишини таъминлаш учун тегишли тизимли ва мантиқий боғлиқ бўлган кетма-кет чораларни келтириб чиқарувчи қонун нормаларни ишлаб чиқиш зарур эканлиги таъкидланди.

Юқоридагиларга асосланиб, сенаторлар томонидан «Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 2061-моддасига ўзгартиш киритиш ҳақида»ги Қонунни рад қилиш тўғрисида қарор қабул қилинди.