Қозоғистонда меҳнат эксплуатацияси мақсадида мажбуран ушлаб турилган 10 нафар Ўзбекистон фуқароси озод этилиб, ватанга қайтарилди, деб хабар берди Дунё АА.

Агентлик маълумотларига кўра, уч нафар фуқаро Олмаотадаги Ўзбекистон Бош консуллигига мурожаат қилиб, ўлдириш билан таҳдид қилаётган бир гуруҳ маҳаллий аҳоли 10 кишини хусусий уйда ушлаб, шахсий буюмлари ва мобил телефонларини олиб қўйганини маълум қилган.

Бош консуллик ходимлари Олмаотадаги ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари билан биргаликда ўзбекистонликлар жойлашган ҳудудга бориб ҳолатни ўрганишди, шундан сўнг, улар Бўстондиқ туман полиция бўлимига олиб кетилди.

Гумондорларга нисбатан Қозоғистон Жиноят Кодексининг 389-моддаси (ўзбошимчалик) билан жиноят иши қўзғатилди.

Ундан кейин, «Родник» жамоатчилик жамғармаси билан ҳамкорликда ўзбекистонликлар уч маҳал овқатлантириш шароитига эга хостелга жойлаштирилган.

Тергов тадбирларини амалга оширилиб, ўзбекистонликларнинг паспорт ва шахсий буюмлари қайтарилгач, улар 1 август куни автовокзалга Олмаота-Тошкент йўналишидаги рейсга кузатиб қўйилган.