Кеча, 2 август куни ижтимоий тармоқларда Чилонзор туманидаги мактабларнинг бирида ягона форма сотиб олиниши шартлиги бўйича хабар тарқалди. Гўёки унда бу учун прокуратура ходимлари тилхат ёздирганлиги баён қилинган.

Бош прокуратура мазкур хабарни ўрганиб чиқиб, форма сотиб олиш бўйича прокуратура органлари томонидан ҳеч қандай тавсия берилмагани ва тилхат олинмаганини маълум қилди.

«Бу аслида бу мактаб директорининг шахсий ташаббуси бўлган, бироқ жараёнга ёлғондан прокуратурани аралаштирган. Ўрганиш пайтида мактаб директори расман огоҳлантирилди», — дейилади хабарда.

Аввалроқ, Халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов ягона мактаб формаси 2025 йилга қадар босқичма-босқич жорий этилиши, 2022 йил сентябрь ойидан бошлаб ота-оналар ягона мактаб формасини харид қилишга мажбурий талаб қўйилмаслигини айтганди.