Ижтимоий тармоқларда Андижон вилоятида ёш қизалоқ президентга мурожаат йўллаб, қариндошлари қамалгани, ўзи эса чорасиз қолганлигини айтган видео тарқалди.

«Ассалому алейкум ҳурматли президентим. Мен сизни Ирода қизингизман. Андижондаги ички ишлар ходимларингиз қўллари ишламайдиган аям, бувам, тоғам, опам, 5 кишини қамаб қўйишди. Мени ҳеч кимим йўқ. Бир ярим ойдан бери қаттиқ нон еяпман, овқат еяётганим йўқ. Менга ёрдам беринг, бувам, аям ҳеч нима қилишгани йўқ. Дадам ҳам йўқ. Бир ярим ойдан бери аям билан кўришмаяпман. Ўзингиз ёрдам беринг, мен ҳам сизни қизингизман-ку», — деди қизалоқ йиғлаб.

Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Шоҳрух Ғиёсов мазкур видеога муносабат билдириб, бошидан «бу оиланинг жиноий ҳаракатлари ҳақида маълумот тарқатиш нияти» бўлмаганини айтиб ўтди.

«Лекин ўзларининг қабиҳ ниятларини амалга ошириш илинжида жажжи қизалоқдан фойдаланган одамларни ҳаракатларига жамоатчиликни ўзи хулоса беради деган умиддамиз», — деди у.

ИИВ матбуот хизмати.

Таъкидланишича, 15 июль куни Асака туманида яшовчилар, видеотасвирдаги қизалоқнинг қариндошлари (1972 й.т.) М.М., (1975 й.т.) М.С. Асака тумани ҳокимиятига мурожаат қилиб боришган. Улар (2004 й.т.) С.И. учун ВМнинг 2020 йил 23 июнь кунги [402-сон] қарорига асосан ОТМга имтиёзли ўқишга киришга тавсиянома олиш мақсадида, ҳокимият ҳудудида жанжал кўтаришган.

«Асака туман ҳокимининг оила ва хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари Д.Алиевани жамоат жойида бошқа ташкилот ва муассасалар раҳбарлари кўз олдида ҳеч бир сабабсиз уятли сўзлар билан ҳақоратлаб, шаъни ва қадр-қимматини камситиб, сочлари ва кийимларидан тортиб, уриб-дўппослашган», — дейилади хабарда.

Ўтказилган суд-тиббий экспертизасининг 2022 йил 20 июнь кунги [786-сонли] хулосасига кўра Д.Алиевага «қисқа муддатга соғлиғини бузилишига сабаб бўлган енгил тан жароҳати етказилган».

Қолаверса, фуқаро М.М. 20 июнь куни соат 15:40 да ўғли А.И., қизи З.Ғ. ҳамда жияни С.И.лар билан Асака туманлараро иқтисодий судига боришган. Судда «Асакабанк» АЖ филиалидан А.И.га тегишли бўлган «Asaka Bread Svit» МЧЖга 500 млн сўм кредит ажратиш бўйича қилган мурожаати рад этилганлиги сабабли суд залида «Асакабанк» АЖ Бобур филиали раҳбари Б.Ҳайдаровни ҳақоратлаган.

«Унинг шаъни ва қадр-қимматини камситиб, уриб-дўппослаб, ўтказилган суд-тиббий экспертизасининг 21 июнь кунги [805-сонли] хулосасига кўра, „қисқа муддатга соғлиғини бузилишига сабаб бўлган енгил“ тан жароҳати етказишиб, уларни безорилик ҳаракатларини тўҳтатмоқчи бўлган Миллий Гвардия ходимларига фаол қаршилик кўрсатишган», — дейилади ИИВ муносабатида.

Бундан ташқари, ИИВ расмий хабарида маълумот ўрнида мазкур оила 2017 йилдан буён амалдаги қонун ҳужжатларини очиқдан-очиқ бузиб келаётганини иддао қилмоқда.

«Жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимаслиги, фуқаролар ва давлат идораларининг вакиллари билан деярли ҳар куни турли жанжаллар уюштириб юриши, банклардан бир неча маротаба кредит маблағларини олишга эришиб, сўнг банк ва бошқа ходимлар билан айнан кредит қарздорлигини тўламаслик учун жанжаллашиб, уларнинг устидан турли идора ва ташкилотларга тинимсиз мурожаатлар йўллаб (2020−2022 йиллар мобайнида вилоят ИИБнинг ўзига 64 маротаба мурожаат қилган), ўтказилаётган сайёр ва оммавий қабулларга бориб, нотинчликлар ташкил қилиб келиши, доимий равишда норози кайфиятда юриши билан аҳоли ҳамда давлат идораларининг эътиборига тушган», — дейилади баёнотда.

Бундан ташқари, вазирлик ушбу шахсларнинг муқаддам бир неча маротаба судлангани, жиноий ва маъмурий жазоларга тортилганини ҳам мисол тариқасида келтириб ўтган. Айбланувчи М.М. муқаддам 2016 йил 22 январь куни ЖКнинг 168-моддаси 2-қисми «б» банди ва 211-моддаси 1-қисми билан судланиб, 1 йил 10 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган. Шунингдек, М.М. МЖтКнинг 183-моддаси билан 3 марта, 194-моддаси билан 1 марта, 40-моддаси билан 1 марта, 41-моддаси билан 3 марта, 211-моддаси билан 1 марта маъмурий жавобгарликка тортилган, дейилади хабарда.

«Ҳозирда, фуқаро М.М. Андижон вилоятидаги банклардан жами 738 млн 210 минг сўм миқдорида кредит маблағларини қўлга киритиб, уларни қасддан тўламасдан келмоқда. Унинг синглиси (интернет тармоқларида чиқиши уюштирилган қизчанинг онаси) М.С., муқаддам 2006 йил 19 декабрь куни ЖКнинг 109-моддаси 2-қисми (Қасддан баданга енгил шикаст етказиш) билан судланган», — дея қайд этди ИИВ.

Жиноят иши бўйича 22 июнь куни қуйидагича чоралар қўлланилган:

  • М.М.га нисбатан ЖКнинг 127-моддаси 3-қисми, 140-моддаси 3-қисми «а» банди, 277-моддаси 3-қисми «а,г» бандлари билан айблов эълон қилиниб, қамоққа олиш;
  • З.Ғ.га нисбатан ЖКнинг 127-моддаси 3-қисми ва 277-моддаси 3-қисми «г» банди билан айблов эълон қилиниб, қамоққа олиш;
  • А.И.га нисбатан ЖКнинг 127-моддаси 3-қисми ва 277-моддаси 3-қисми «г» банди билан айблов эълон қилиниб, қамоққа олиш;
  • С.М.га (қизчанинг онаси) нисбатан ЖКнинг 127-моддаси 3-қисми, 140-моддаси 3-қисми «а» банди, 277-моддаси 3-қисми «г» банди билан айблов эълон қилиниб, қамоққа олиш;
  • С.И.га нисбатан ЖКнинг 140-моддаси 3-қисми «а» банди ва 277-моддаси 3-қисми «а, г» бандлари билан айблов эълон қилиниб,уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чоралари қўлланилган.

Айбланувчиларнинг бошқа жиноятларга алоқадорлигини аниқлаш борасида олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида, фуқаро М.М. ва унинг жиноий шериклари бўлган оила аъзолари томонидан бошқа бир қатор ғайриқонуний ҳатти-ҳаракатлар содир этилганлиги аниқланган, дейилади хабарда.

ИИВ эҳтиёт чораси тариқасида қамоққа олинган айбланувчи М.С.нинг ижтимоий тармоқлар орқали видеомурожаат қилган вояга етмаган қизи И.И. айни вақтда яқин қариндошлари опаси, ҳоласи ва унинг турмуш ўртоғи қарамоғига топширилганини қўшимча қилди.