Олий Мажлис Сенатининг 29-ялпи мажлиси 4 август куни чақирилади. Сенат матбуот хизмати ялпи мажлис икки кун давом этиши ҳамда онлайн эфирга узатилишини маълум қилди.

Унда қуйидаги масалалар кўриб чиқилади:

  • «Ўзбекистон Республикасининг Уй-жой кодексини тасдиқлаш тўғрисида»ги,
  • «Давлат қарзи тўғрисида»ги,
  • «Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги,
  • «Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 206−1-моддасига ўзгартиш киритиш ҳақида»ги;
  • «Судларнинг фаолияти рақамлаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги;
  • «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги.

Бундан ташқари, 2022−2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини 2022 йилда амалга оширишга оид давлат дастурининг I ярим йиллиги якуни бўйича Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи эшитилади.

Сенаторлар Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхоновнинг Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги миллий маърузасини ҳамда Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зариповнинг туризм соҳасини янги босқичга олиб чиқиш ҳамда хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш юзасидан вилоятда олиб борилаётган ишлари бўйича маърузасини муҳокама қилади.

Енгил саноат ва чарм саноати корхоналарида хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳолати юзасидан ҳукуматга юборилган парламент сўрови натижаларини ҳам муҳокама қилади.

Қолаверса, ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларнинг профилактикаси ҳолати тўғрисида ахборот беради.

Шунингдек, ялпи мажлисда Оролбўйи минтақасида экологик барқарорликни таъминлаш ҳамда замонавий инновацион технологияларни кенг татбиқ қилиш бўйича белгиланган вазифаларнинг ижро этилиши ҳолати юзасидан Вазирлар Маҳкамасига парламент сўровини юбориш масаласи кўриб чиқилади.

Ялпи мажлис кун тартиби доирасида Олий Мажлис Сенати Кенгашининг қарорларини ҳам тасдиқлаш назарда тутилган, дейилади хабарда.