Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2 август куни Тошкентда ташриф билан бўлиб турган Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (ЕХҲТ) Миллий озчиликлар масалалари бўйича Олий комиссари Қайрат Абдураҳмоновни қабул қилди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди.

Амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари ҳамда миллатлараро тотувлик ва барқарор тараққиётни таъминлаш соҳасида қўшма лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш истиқболлари кўриб чиқилди.

ЕХҲТ институтлари билан устувор йўналишларда — хавфсизлик, иқтисодиёт ва экология соҳаларида, гуманитар йўналишдаги конструктив мулоқот ва сермаҳсул ҳамкорликнинг бугунги даражаси мамнуният билан қайд этилди. Ўрта муддатли истиқболда қарийб 50 та тадбирни ўтказиш назарда тутилган «йўл харитаси» биргаликда амалга оширилмоқда.

Учрашувда Олий комиссар мамлакатимизда бағрикенглик ва гуманизм маданиятини ривожлантириш, миллатлараро ва фуқаролараро англашув ва тотувликни таъминлаш, шу асосда ёш авлодни тарбиялаш бўйича олиб борилаётган сиёсатга юксак баҳо берди.

Таъкидланишича, кўп тилли таълим соҳасида, шу жумладан Марказий Осиё таълим дастури доирасида лойиҳаларни амалга ошириш ҳам кўзда тутилган.

Олий комиссар «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида Шавкат Мирзиёев билан учрашувини «музокара эмас, балки самимий суҳбат» дея атади.

Қайрат Абдураҳмонов.

«Мендаги катта таасурот қолдирувчи бир статистикага кўра, Ўзбекистон миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий комиссияси, Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари даражасида ҳокимият ва халқ ўртасидаги муносабатни ривожлантириш мақсадида мамлакат ўз аҳолисини қўллаб-қувватлашга катта маблағ ажратмоқда. Биз бу ерда Ўзбекистон ҳудудларида таълим тизимини қўллаб-қувватлашга оид қатор лойиҳаларни амалга оширмоқдамиз», — деди Қайрат Абдураҳмонов.

У сўзи давомида 2017−18 йиллардаги ташрифидан сўнг, мамлакатда 5 йил ичида маданий-гуманитар соҳага катта эътибор қаратилганига гувоҳ бўлганини таъкидлади. «Мамлакат раҳбарияти томонидан белгиланган барча режалар амалга ошишига менда ҳеч қандай шубҳа йўқ», — деди Олий комиссар.

Ўзбекистоннинг Марказий Осиё минтақасида дўстлик, яхши қўшничилик ва кўп қиррали шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш, Афғонистоннинг тинч ривожланиши ва иқтисодий тикланишига кўмаклашиш борасидаги ташаббуслари қўллаб-қувватланди.

Қатор қўшма тадбирлар — миллиатлараро тотувлик масалалари бўйича минтақавий семинар, халқаро тажриба ва ЕХҲТ тавсияларининг тақдимотини ўтказиш, шунингдек, Ўзбекистон делегациясининг миллатлараро муносабатлар муаммосига бағишланган давра суҳбатида иштирок этиши юзасидан келишувларга эришилди.