2022 йилнинг ўтган даврида чет эл валютасининг ноқонуний муомаласи билан боғлиқ 245 та қонунбузарлик ҳолати аниқланди. Текширувлар натижасида 167 та жиноят, 78 та маъмурий иш қўзғатилди, деб хабар берди Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти матбуот хизмати.

Ҳуқуқбузарлардан 433,2 минг доллар, 1,1 млн рубль, 702,2 минг қозоқ тенгеси ва 1,2 млрд сўм ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.

Қалбаки пул ясаш ва ўтказиш билан боғлиқ 23 та жиноят фош этилиб, 135 млн сўмлик ҳамда 53,2 минг долларлик қалбаки банкнотлар эркин муомалага киритилишининг олди олинди.

Шунингдек, қимматбаҳо металлар ва табиий қимматбаҳо тошларни қонунга хилоф муомаласи билан боғлиқ 8 та жиноят фош этилиб, ҳуқуқбузарлардан 730,2 млн сўмлик 4,6 кг қимматбаҳо металлар ва табиий қимматбаҳо тошлар ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.

«2018 йил 1 январь ҳолатига кўра, республикада 1638 та валюта айирбошлаш шохобчаси фаолият юритган бўлса, бугунги кунга келиб уларнинг сони 3970 тани, шундан валюта айирбошлаш банкоматлари сони — 1880 тани ташкил этмоқда. Жорий йилнинг ўтган 6 ойида республикада 251 та валюта айирбошлаш шохобчаси ва 343 та валюта айирбошлаш банкомати ишга туширилди. Бундан ташқари, фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида хорижий валютани банк пластик карталари ҳамда банк мобил иловалари орқали ҳам конвертация қилиш имкониятлари яратилди», — деб эслатди Департамент.