Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2 август куни «Ўзбекистон — Озарбайжон — Туркия» форматидаги биринчи вазирлар учрашувида иштирок этиш учун Тошкентда бўлиб турган Туркия ташқи ишлар вазири Мавлут Чавушоғли ҳамда Озарбайжон ташқи ишлар вазири Жейҳун Байрамовни қабул қилди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди.

Туркия делегацияси билан учрашувда савдо вазири Меҳмет Муш ҳамда транспорт ва инфратузилма вазири Одил Қораисмоилўғли ҳам қатнашди.


Учрашув аввалида вазир Мавлут Чавушоғли Ўзбекистон етакчисига Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди. Туркия томони Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар ва сиёсий янгиланишлар дастурини, шунингдек, мамлакатнинг, энг аввало, минтақада дўстлик, яхши қўшничилик ва ишонч муносабатларини мустаҳкамлашга қаратилган ташқи сиёсатини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаётгани алоҳида таъкидланди.

Томонлар савдо, инвестициялар, инновациялар, энергетика, саноат, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва логистика, туризм ва соғлиқни сақлаш соҳаларида қўшма кооперация лойиҳалари ва дастурларини тезлаштириш муҳимлигини қайд этди.


Давлат раҳбари юқори мартабали меҳмонларни Ўзбекистон, Озарбайжон ва Туркия ташқи ишлар, савдо ва транспорт вазирларининг биринчи учрашуви муваффақиятли ўтказилгани билан табриклади.

Минтақавий кун тартиби, шу жумладан Афғонистонда тинчлик ва барқарорлик таъминланишига кўмаклашиш ҳамда жорий йилнинг кузида Самарқанд шаҳрида ўтказиладиган Туркий давлатлар ташкилоти саммитига тайёргарлик кўриш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Озарбайжон делегацияси билан музокаларда эса иқтисодиёт вазири Микойил Жабборов ҳамда рақамли ривожланиш ва транспорт вазири Рашад Набиев қатнашди.


Учрашув аввалида Озарбайжон ташқи ишлар вазири Ўзбекистон раҳбарига Озарбайжон президенти Илҳом Алиевнинг саломи ва эзгу тилакларини етказди.

Томонлар яқинда ўтган олий даражадаги учрашувдан сўнг сезиларли муваффақиятларга эришилганини мамнуният билан қайд этдилар. Ўтган ойда нефть-газ ва кимё тармоқларида, ипакчилик ва қишлоқ хўжалигининг бошқа соҳаларида, шунингдек, миллий индустриаллаштириш дастурлари доирасидаги лойиҳаларни илгари суриш учун делегацияларнинг ўзаро ташрифлари фаол давом эттирилди.

Давлат раҳбари ўзаро манфаатли ҳамкорликка доир лойиҳа ва дастурларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва жадаллаштириш, шу жумладан Ўзбекистон-Озарбайжон инвестиция фондини ташкил этиш, ишбилармонлар ўртасидаги алоқаларни рағбатлантириш, биринчи Ҳудудлар форуми ва саноат кўргазмасини ўтказиш, эркин иқтисодий зоналар негизида кооперация учун шароитлар яратиш муҳим эканини алоҳида таъкидлади.

Жорий йил ноябрь ойида Ўзбекистонда ўтказиладиган Туркий давлатлар ташкилоти саммитига тайёргарлик кўриш билан боғлиқ масалалар ҳам кўриб чиқилди.