Россиядаги инфляция Ўзбекистон иқтисодиётининг барқарор ривожланиши учун Туркиядаги нархларнинг ошишига қараганда кўпроқ хавф туғдиради. Прогнозлаш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти экспертлари шундай хулосага келди.

Ўтган йил якунлари бўйича Ўзбекистон ташқи савдо айланмасининг 17,9 фоизи Россия ҳиссасига тўғри келди (Туркия — 8,1 фоиз). Хусусан, Ўзбекистон Россиядан 5,46 млрд долларлик маҳсулот ва хизматлар импорт қилган, 2,06 млрд долларлик экспорт қилган. Туркия билан савдо алоқаларида бу кўрсаткичлар мос равишда 1,7 млрд ва 1,69 млрд долларни ташкил этади.

2021 йилда Ўзбекистонда инфляция даражаси 10 фоизни ташкил қилди. Бунда Россияда инфляция даражаси (2021 йилда 6,7 фоиз) Ўзбекистонда инфляциянинг 0,78 фоиз бандга ошишига сабаб бўлган. Бундан ташқари, Россиядан импорт қилинадиган хом-ашё товарлари нархлар ўсиши Ўзбекистондаги ишлаб чиқариш харажатларининг 0,6 фоиз бандга ошишига олиб келган (тармоқлараро ўзаро таъсирлардан ташқари тўғридан-тўғри таъсири ҳисобга олинган).

Туркиядан фарқли равишда (Блоомберг маълумотларига кўра, 2022 йилда турк лирасининг девалвацияси 60,4 фоиз атрофида бўлиши кутилмоқда), бу йил рубль қадрининг заифлашиши (девальвацияси) эмас, балки унинг мустаҳкамланиши кутилмоқда. Йил давомида рублнинг АҚШ долларига нисбатан курси 74,29 рублдан 60,20 рублгача мустаҳкамланди). Бундай шароитда Россиядаги инфляция даражаси Ўзбекистонда нархлар барқарорлигига Туркиядаги нархларнинг кўтарилишига қараганда кўпроқ босим кўрсатади.

2022 йилда Россияда рубл қадрининг 28,4 фоизга ортиши ҳамда инфляция даражасининг 21,3 фоизга етиши (Туркияда — 60,4 фоиз),кутилаётганлигини ҳисобга олинса, Россия товарлари жаҳон бозорига 69.41 фоиз қимматроқ чиқиши мумкин (Туркияда — 1,8 фоиз). Бунинг оқибатида 2022 йилда Россияда нархлар ошишининг Ўзбекистонга таъсири 6 фоиз пунктигача етиши мумкин. (Россиядан импорт қилинаётган маҳсулотларнинг таркиби ва ҳажми ўзгармаган тақдирда).

Бу хавфнинг сабаби, шунингдек, Ўзбекистоннинг умумий импортида Россиянинг улуши (2021 йилда 21,4 фоиз) Туркиянинг улушу (6,7 фоиз) га қараганда анча юқори эканлиги билан боғлиқ, деган хулосага келди ПМТИ экспертлари.

Қайд этилишича, ушбу омил инфляцияни тезлаштиришдан ташқари, Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги ташқи савдо балансига салбий таъсир кўрсатиши, шусиз ҳам мувозанатлашмаган тўлов балансини янада кучайтириши эҳтимолдан йироқ эмас. Бу эса ўз навбатида миллий валюта барқарорлигига қўшимча таъсирни юзага келтиради.

Масалан, 2021 йилда Ўзбекистон Россиядан умумий қиймати 5,46 млрд долларга тенг маҳсулот импорт қилган. Бу 2021 йил курси бўйича 402,5 млрд рублга тенг. Импортнинг ҳажми ва таркиби ўзгаришсиз қолиши тахмин қилинса, бугунги кунда мазкур импорт 8 млрд долларга айланади. Экспорт ўзгармасдан қолса, савдо баланси ёмонлашиши мумкин.

️2022 йил 1-ярим йиллик якунлари бўйича Ўзбекистоннинг Россиядан импорти 2,85 млрд долларни ташкил этган бўлса, экспорт ҳажми 1,22 млрд долларга етди (дефицит — 1,63 млрд доллар).

Россияда нархларнинг ошиши туфайли Ўзбекистонда таннарх инфляциясининг ўсиши биринчи навбатда Россиядан хом ашё ва оралиқ маҳсулотларни импорт қилувчиларга таъсир қилади. Боз устига, компаниялар ушбу ҳисоб-китоблардан янада мақбулроқ қисқа ва ўрта муддатли қарорларни қабул қилишда фойдаланиши мумкин.