Тошкентдаги мактаблардан биридаги 14 ёшли ўқувчи-қизни жинсий алоқага мажбурлаган уч эркак шартли равишда озодликка чиқарилди. Бу ҳақда зўравонликларга қарши курашувчи Nemolchi.uz (Сукут сақлама) лойиҳаси хабар берди.

Лойиҳа маълумотларига кўра, воқеа 2021 йилнинг 27 апрелида содир бўлган, мактабнинг жисмоний тарбия ўқитувчиси қизни «алдаб ижарга олинган квартирага олиб боради ва икки дўсти билан уни жинсий алоқа қилишга кўндиради».

«Қиз қаршилик кўрсатмагани учун тергов томонидан гуруҳ бўлиб зўрлаш бўйича эмас, балки Ўзбекистон Жиноят кодексининг 128-моддаси „Вояга етмаган бола билан ихтиёрий жинсий алоқада бўлиш“ бўйича жиноят иш қўзғатилди. Апелляцияда эса қизнинг онаси ютқазди», — дейилади хабарда.

Судланганларнинг икки нафари атиги ярим йил қамоқда ўтириб чиққани айтилмоқда. Асосий ташаббускор — собиқ жисмоний тарбия ўқитувчиси эса — қамалганидан 12 ой ўтиб озодликка чиқди. Судланганлардан бири айни дамда тиббиёт марказида регистратор бўлиб ишламоқда, хусусан, болаларга ҳам тиббий хизмат кўрсатмоқда.

Бош прокуратура матбуот котиби Nemolchi.uz сўровига кўра, қуйидагиларни маълум қилди: мактабда аввал ўқитувчи бўлиб ишлаган (1991 й.т.) Х.А.Х, 2021 йил 11 ноябрь куни ЖКнинг 128-моддаси 2-қисми «а» банди билан 4 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган ва муддат 2021 йил 4 майдан ҳисобланиши кўзда тутилган. Жиноят ишлари бўйича Зангиота туман судининг 2022 йид 7 майдаги ажрмига кўра, ўталмай қолган 2 йил 11 ой 27 кун озодликдан маҳрум қилиш жазоси ЖКнинг 74-моддасига асосан шу муддатга ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган холда аҳлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирилган.

Унинг дўсти, 1993 й.т. Г. Б.Ш., суднинг 2021 йил 11 ноябрдаги ҳукмига кўра, ЖКнинг 128-моддаси 1-қисмига асосан 2 йил муддатга озоликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Жиноят ишлари бўйича Охангарон туман судининг 2022 йил 12 майдаги ажрмига кўра, ўталмай қолган 1 йил 5 ой 29 кун озодликдан маҳрум қилиш жазоси ЖКнинг 74-моддасига асосан шу муддатга ойлик иш ҳақининг 15 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган холда аҳлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирилган.

Яна бир иштирокчи 1994 й.т. М.М.М. га нисбатан суднинг 2021 йил 11 ноябрдаги ҳукмига кўра, ЖКнинг 128-моддаси 1-қисмига асосан 2 йил муддатга озоликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Жиноят ишлари бўйича Охангарон туман судининг 2022 йил 12 майдаги ажримига кўра, ўталмай қолган 1 йил 5 ой 29 кун озодликдан маҳрум қилиш жазоси ЖКнинг 74-моддасига асосан шу муддатга ойлик иш ҳақининг 15 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган холда аҳлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирилган.

Nemolchi.uz таҳририяти бир неча бор Ўзбекистон қонунчилиги бу каби жиноятларни содир этганларга ҳайрихоҳлигини ёзганини эслатиб ўтди.

«Кўрганингиздай, жиноятчилар ҳатто ўша минимал жазо муддатларини ҳам охиригача ўтамас экан. Ўзбекистон қонунлари уларга муддатидан аввал озодликка чиқиш ва ҳатто болалар билан ишлаш имконини берар экан. Бундай қонунлари ўзгартира оладиган ва болаларимизни ҳимоя қила оладиган қонун ишлаб чиқарувчилар ва депутатлардан умидимиз катта», — дейилади муносабатда.