3 август куни Наманган ҳамда Хоразм вилоятларидаги мактабгача таълим ташкилотларида икки нафар 5 ёшли тарбияланувчи вафот этди. Бу ҳақда Мактабгача таълим вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Наманган вилоятидаги ҳолатда 1 август куни Чуст туманидаги 64-сонли давлат МТТга қабул қилинган бола, уйқу вақтидан сўнг вафот этган.

Дастлабки ўрганишларга кўра, болакай кун тартибига кўра тушлик қилган ва гигиена қоидаларига амал қилгач барча тарбияланувчилар қатори ухлашга ётган.

Тарбиячи уйқудан уйғониш вақти бўлганда аввал қиз болаларни сўнгра ўғил болаларни ҳожатга олиб чиқиш учун уйқудан уйғотган. Лекин бола бошини кўтарган ва яна ётиб олган. Тарбиячи қизларни ҳожатдан олиб келиб А.Ш.ни уйғотган, шунда бола тилини чайнаб юборганини кўрган ва зудлик билан ҳамширани олдига биринчи ёрдам кўрсатиш учун кўтариб олиб чиққан.

Ҳамшира эса болага биринчи тиббий ёрдамни қилиб зарурий муолажаларни амалга оширган ва тез тиббий ёрдамга хабар берган. Тиббиёт ходимларининг ҳаракатларига қарамай бола вафот этган. Ўлим ҳақидаги маълумотномага асосан «J22 Қуйи нафас йўлларининг аниқланмаган ўткир респиратор инфекцияси» ва «J81 Ўпка шишиши» ўлим сабаби этиб кўрсатилган.

2 август куни Наманган вилоят Мактабгача таълим бошқармаси тезкор гуруҳи томонидан дастлабки ўрганиш ўтказилган. Ҳозирда ҳолат юзасидан тергов ишлари амалга оширилмоқда.

Хоразм вилоятида кузатилган бахтсиз ҳодисада ҳам 5 ёшли бола тоби қочиб вафот этган. Хонқа туманидаги «Тома» маҳалласида жойлашган 24-сон давлат МТТда тарбияланувчи Ў.Ш.А тушликдан сўнг, мазаси бўлмагани сабабли зудлик билан тез ёрдам чақирилган. Бироқ, боланинг вафот этгани маълум қилинди.

Ҳолат бўйича суд-тиббий экспертиза ва ҳуқуқни муҳофаза қулувчи ташкилотлар хулосаси берилгач, тўлиқ баёнот эълон қилиниши қайд этилди.