Мустақиллик байрами арафасида ўзбекистонликлар кетма-кет 4 кун дам олади

Ўзбекистонликлар мустақилликнинг 31 йиллигини нишонлаш арафасида иш ҳафтасидан қатъий назар кетма-кет 4 кун — 1 сентябрдан 4 сентябрга қадар дам олиши кутилмоқда.

Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлиси 4 август куни чақирилади

Сенатнинг 29-ялпи мажлиси пайшанба куни чақирилади. Унда Уй-жой кодексини тасдиқлаш, Оила кодексига ўзгартишлар киритиш, Давлат қарзи тўғрисидаги ва бошқа қонунлар муҳокама қилинади. Ҳукумат ва ИИВнинг ахбороти эшитилади, Антикоррупция агентлиги ва Бухоро вилояти ҳокимининг маърузаси кўриб чиқилади.

Тошкентда мактаб ўқувчисини жинсий алоқага мажбурлаган эркаклар озодликка чиқарилди

Тошкентдаги мактабда 14 ёшли қизни жинсий алоқага мажбурлаган уч эркак шартли равишда озод қилинди. 4 йилга қамалган собиқ жисмоний тарбия ўқитувчиси ҳукмдан 12 ой, унинг икки таниши эса — ярим йил ўтгач озодликка чиқди. Қизнинг онаси эса бир йилдан кўпроқ вақтдан бери адолатга эришишга уринаяпти.

Тошкентда ўқувчи мактаб девори босиб қолиши оқибатида вафот этди

Тошкент шаҳар Олмазор туманидаги 234-сонли мактабда ўқувчини девор босиб қолгани, мактаб маъмурияти эса ўқувчининг ўлимини яширишга урингани айтилмоқда. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди, ҳозирда қўшимча тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Наманган ва Хоразмдаги боғчаларда икки нафар 5 ёшли бола вафот этди

Наманганнинг Чуст туманидаги боғчага келган 5 ёшли тарбияланувчи уйқудан тураётган вақтида тилини чайнаб юборганлиги туфайли вафот этди. Хоразмнинг Хонқа туманидаги боғчада эса 5 ёшли болакай тушликдан сўнг, мазаси қочиб, вафот этди. Мазкур ҳолатлар юзасидан тергов олиб борилмоқда.

Ходимларни хизмат сафарларига юборишнинг янги тартиби белгиланди

Ҳукумат қарори билан хизмат сафари учун транспорт, меҳмонхона ва бошқа харажатларининг чекланган миқдори белгиланди. Қолаверса, айрим тоифадаги ишчилардан ташқари бошқа ходимлар 30 кундан ортиқ сафарда бўлиши тақиқланмоқда. Харажатларни онлайн юритиш учун махсус дастур ва мобил илова ишлаб чиқилади.

Абитуриентлар чет тилидан 56 та сохта сертификатни топширгани аниқланди

Давлат тест маркази ОТМларга кириш учун онлайн топширилган аризалар орасида чет тилидан 56 та сохта сертификат мавжудлигини аниқлади. Тегишли ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юборилди. 28,1 мингта сертификат эса тасдиқланди, яна 955 таси талабга жавоб бермаслиги маълум бўлди.

ИИВ Андижондан президентга мурожаат йўллаган қизчанинг шикоятига муносабат билдирди

Андижонда қизча 5 нафар қариндоши, жумладан, ота-онаси қамаб қўйилганини айтиб, президентга видеомурожаат йўллади. ИИВ қизчанинг қариндошлари туман ҳокими ўринбосари ва банк раҳбарини ҳақоратлаб, куч ишлатгани, 738 млн сўм кредитни тўламагани, қизча эса қариндошлари қарамоғида эканини маълум қилди.

Ягона мактаб формасини сотиб олиш шартлиги бўйича прокуратура тилхат ёздирмаган — Бош прокуратура

Бош прокуратура Чилонзор туманидаги мактабда ягона форма харид қилиш учун прокуратура ходимлари тилхат ёздириб олгани ҳақидаги хабарни рад этди. Ўрганиш натижасида бу мактаб директорининг шахсий ташаббуси эканлиги, бироқ жараёнга ёлғондан прокуратура аралаштирилгани аниқланди.

«Режалар амалга ошишига менда ҳеч қандай шубҳа йўқ». ЕХҲТ Олий комиссари Ўзбекистондаги ислоҳотлар ҳақида

Шавкат Мирзиёев ЕХҲТнинг Миллий озчиликлар масалалари бўйича Олий комиссари Қайрат Абдураҳмонов билан Марказий Осиё таълим дастури доирасидаги лойиҳаларни муҳокама қилди. «Мамлакат раҳбарияти томонидан белгиланган барча режалар амалга ошишига менда ҳеч қандай шубҳа йўқ», — деди ЕХҲТ вакили.

Йил бошидан буён ноқонуний валюта савдоси билан боғлиқ 245 та ҳолат аниқланди

Жорий йилнинг ўтган даври ичида чет эл валютасининг ноқонуний муомалага киритилиши бўйича 245 та ҳолат аниқланиб, уларнинг олди олинди. Натижада 433,2 минг доллар, 1,1 млн рубль, 702,2 минг тенге ва 1,2 млрд сўм маблағлар мусодара қилинди.

Йил бошидан бери ходимларга 82,5 трлн сўм иш ҳақи ҳисобланган — Солиқ қўмитаси

Давлат Солиқ қўмитаси шу йилнинг биринчи ярмида 5,4 млн кишига жами 82,5 трлн сўм иш ҳақи ҳисобланганини маълум қилди. Ўртача ойлик маош миқдори — 2,8 млн сўмни ташкил этмоқда. Энг кўп иш ҳақи Тошкент ва Навоийда, энг ками эса Фарғона ва Сирдарёда тўлаб берилган.

«Давр банк» тизимидан 15 млрд сўм ўғриланди

Фуқаро «Давр банк» тизимига ноқонуний уланиб, 15 млрд сўмни дўстининг карталарига ўтказган, сўнгра пул жиноий гуруҳ аъзолари ўртасида тақсимлангани айтилмоқда. 11 нафар шахс гумонланувчи сифатида жалб этилган, икки нафари қидирувда.