Ченнай шаҳрида (Ҳиндистон) ўтказилаётган 44-шахмат олимпиадасининг бешинчи турида Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси Словакияни мағлубиятга учратди. 2 август куни бўлиб ўтган учрашув 4:0 ҳисобида якунланди.

Гроссмейстер Нодирбек Абдусатторов (2688) баҳс бошланиши билан ташаббусни ўз қўлига олди ва тезда Жергус Печакни (2594) мағлубиятга учратди.

Нодирбек Якуббаев (2620) Виктор Газик (2544) устидан ва Жавоҳир Синдаров (2629) эса Юрай Друска (2519) устидан ғалаба қозонди.

Якуний баҳсда Жаҳонгир Воҳидов (2564) Кристофер Репкани мағлуб этиб, терма жамоанинг ишончли ғалабасини таъминлади.

Фото: chess-results.com.

Бешинчи тур якунларига кўра, 9 очко тўплаган Ўзбекистон термаси 188 та жамоа иштирок этаётган турнир жадвалида учинчи поғонага кўтарилиб олди. Кейинги турда шахматчилар 4-ўринни эгаллаб турган ҳиндистонлик рақиблари билан тўқнаш келишади. Ҳиндистон жамоаси аввалги турларда Зимбабве (4:0), Молдова (3,5:0,5), Греция (3:1), Руминия (2,5:1,5) термаларини мағлубиятга учратган ва Франция (2:2) билан дуранг ўйнаган.

Шунингдек, тезкор шахмат бўйича жаҳон чемпиони Нодирбек Абдусатторов бешта турда биринчи бўлиб 100 фоизлик натижага эришган олимпиаданинг самарали ўйинчиларидан бирига айланди. Ўзбекистонлик 17 ёшли шахматчи Ҳиндистон-2 жамоаси вакили 16 ёшли Гукеш Доммараджу, қозоғистонлик 18 ёшли Ногербек Казибек, шунингдек, Ҳиндистон-3 жамоасидан 24 ёшли Паллатур Венкатачалам ҳамда 20 ёшли германиялик Яна Шнайдер билан биргаликда бешта учрашувда бешта ғалаба қозониб, 100 фоизлик натижа кўрсатиб келишмоқда.

Ўзбекистон аёллар терма жамоаси вьетнамлик рақибларига имкониятни бой берди (0,5:3,5). Мафтуна Бобомуродова дуранг ўйнаган бўлса, Нилуфар Якуббаева, Умида Омонова ва Маржона Маликова ўз партияларида мағлуб бўлди.

Терма жамоа 164 та жамоа ичида 6 очко билан 54-ўринда бормоқда. Кейинги турда шахматчи қизлар Шотландия билан куч синашади.