Вазирлар Маҳкамасининг 2 августдаги «Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хизмат сафарлари тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги [424-сон] қарори қабул қилинди.

Ҳужжат билан хизмат сафарлари (командировкалар)нинг янги тартиби белгиланмоқда. Шунга кўра, унинг муддати 30 календарь кундан кўп бўлмаслиги лозим.

Монтаж, ишга тушириш-созлаш, қурилиш ва қидирув ишларини бажариш учун юбориладиган ходимлар, раҳбарлар ва мутахассисларнинг хизмат сафари муддати 12 ойдан кўп бўлиши мумкин эмас.

Қарорга кўра, Ўзбекистон президенти ва Ҳукумат ҳужжатлари ҳамда топшириқларига мувофиқ, ходимларни хизмат сафарига юборишда бошқа муддатлар белгиланиши мумкин. Хизмат сафарига кетаётган ва қайтаётган шахсларни рўйхатга олиш «ЎзАСБО» дастурий мажмуаси ёки бухгалтерия ҳисобини юритувчи ахборот тизимида электрон шаклда юритилади.

Парламент, ҳукумат ва президент Администрацияси, республика даражасидаги ташкилотлар, Қорақалпоғистон, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари, туман (шаҳар) ҳокимларининг барча тариф бўйича транспорт харажатлари тўлиқ қоплаб берилади.

Бошқа ходимлар учун эконом класс чипталар тўлиқ, агарда VIP ёки бизнес классда кетишни маъқул кўрса, чипта нархининг 70 фоизи ташкилот томонидан, қолган қисми эса ходимнинг ўзи томонидан қопланади.

Парламент, ҳукумат ва президент Администрациясининг раҳбар ходимлари, республика даражасидаги ташкилотлар, Қорақалпоғистон, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги биринчи раҳбарларининг меҳмонхона харажатлари БҲМнинг 3 баравари — 900 минг сўмдан ошмаслиги керак.

Парламент, ҳукумат ва президент администрациясининг ходимлари, республика даражасидаги ташкилотлар, Қорақалпоғистон, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги раҳбар ўринбосарларининг меҳмонхона харажатлари БҲМнинг 2 баравари — 600 минг сўмдан ошмаслиги лозим.

Бошқа ходимлар учун эса БҲМнинг 1,5 баравари — 450 минг сўмдан ошмаслиги керак. Алкоголь ва тамаки харажатлари эса қоплаб берилмайди.

Қарор билан Молия вазирлигига ДСҚ, Транспорт вазирлиги, Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳамкорлигида 3 ой муддатда хизмат сафари харажатларини ҳисобини юритиш бўйича дастур ва унинг мобил иловасини ишлаб чиқиш вазифаси юклатилди.

Мобил илова орқали хизмат сафаридаги ходимнинг транспорт, меҳмонхона, овқатланиш ва бошқа харажатлари харид чекидаги QR-код ёрдамида онлайн ҳисобга олинади. Шу орқали харажатлар автоматик тарзда ҳисоблаш учун «ЎзАСБО» дастурига узатилади.

Дастурда ходимнинг хизмат сафарига юбориш маълумотлари тасдиқлангач, меҳмонхона харажатлари бўйича тўланадиган тўловлар пул ўтказиш йўли билан автоматик равишда амалга оширилади.