30 июль куни тахминан соат 15:30 лар атрофида Тошкент шаҳри Олмазор тумани Фаробий кўчасида содир бўлган ЙТҲ натижасида вояга етмаган пиёда ҳалок бўлди.

Пойтахт ИИББ матбуот хизматининг 2 август куни хабар беришича, Matiz (Қашқадарё вилоятида рўйхатга олинган) ҳайдовчиси 2001 йилда туғилган А.Ш. йўлнинг қарама-қарши қисмига чиқиб кетиши натижасида 14-сонли оилавий поликлиника қаршисида йўлни кесиб ўтаётган икки пиёдани (1988 ва 2017 й.т.) уриб юборган.

Пиёдалар Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази шифохонасига етказилган. Шифокорларнинг уринишларига қарамай, вояга етмаган пиёда вафот этган.

Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш, одам ўлишига сабаб бўлса) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳайдовчи ҳибсга олинган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.