Абитуриентлар учун ОТМларга кириш имтиҳонини 8 августдан бошлаш режалаштирилмоқда. Давлат тест маркази вакиллари сешанба кунги матбуот анжуманида тегишли таклиф лойиҳа шаклида тегишли ташкилотга киритилганини маълум қилди.

Имтиҳонлар 10 кундан 13 кунгача давом этиши мумкин. Имтиҳон ўтказиш вақтлари ўтган йилги тажрибадан келиб чиқиб, биринчи смена соат 7:00 дан 10:00 гача, иккинчи сменани 19:00 дан 22:00 гача ўтказиш кўзда тутилган.

Бундан ташқари, Ўзбекистонда 2022 йилда ОТМларга кириш учун ҳужжат топширган жами 1,2 млн нафар абитуриентлардан энг кўпи Миллий университетга ҳужжат топширгани айтилди.

Абитуриентлар томонидан энг кўп танланган ОТМлар:

  • Ўзбекистон миллий университетига — 41 577 нафар (3,4%)
  • Тошкент давлат педагогика университетига — 40 523 нафар (3,3)
  • Наманган давлат университетига — 37 267 нафар (3%)
  • Урганч давлат университетига — 37 091 нафар (3%)
  • Жиззах давлат педагогика институтига — 35 706 нафар (2,9%) абитуриент ҳужжат топширган.

Тест синовларини ўтказиш учун 58 та (2021 йилда 53 та) бино, стадион ва хиёбон тайёрланмоқда. Бунда 1 сменада 1 614 та гуруҳда 48 420 нафар, 1 кунда (2 сменада) эса 3 228 та гуруҳда 96 840 нафар абитуриент тест синовида иштирок этади. Тест синовларининг очиқ ва шаффоф ўтишини таъминлаш учун кузатувчиликка халқ таълими ва олий таълим муассасаларининг 3 500 нафарга яқин раҳбар ва педагог кадрлари гуруҳ назоратчилари сифатида жалб этилади.