ДХХ томонидан Ўзбекистоннинг 6 та вилоятида катта миқдордаги наркотик моддалар мусодара қилинди. Бу ДХХнинг вилоят бошқармалари, Чегара қўшинлари, қолаверса Божхона қўмитаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирларда аниқланди.


Самарқанд вилоятидаги ҳолатда Пахтачи туманидаги «Самарқанд мунтазам» ЙПХ масканида Spark автомашинаси тўхтатилиб, кўздан кечирилган. Транспорт воситасидаги икки фуқаро ёнидан 10 кг «опий» гиёҳванд моддаси чиққан. Ургут ва Оқдарё туманларида яшовчи, 1991 йилда туғилган бу икки шахс моддаларни Тожикистондан контрабанда йўли билан олиб келгани ва Хоразм вилоятида сотишни режалаштиришгани айтилмоқда.


Сурхондарё вилоятида кузатилган ҳолатда эса термизлик 1983 ва 1986 йилларда туғилган икки фуқаро 2 кг 60 гр «опий»ни 40 минг АҚШ долларига сотган вақтида ДХХ ходимлари томонидан қўлга олинган.

Улар Тожикистондан келтирилган наркотикни Термизда яшовчи 1989 йилда туғилган фуқародан 28 минг АҚШ долларига сотиб олгани маълум бўлди.


Сирдарёда эса «Бекобод-Гулистон» йўналишида ҳаракатланаётган «Нексия» Боёвут туманида тўхтатилиб, кўздан кечирилган. Ундаги 58 ёшли тожикистонлик фуқаро ёнида 1 кг «опий» гиёҳвандлик воситасини Қозоғистонга ўтказишни режалаштиргани аниқланди.


Фарғонада кузатилган ҳолатда 1988 йилда туғилган яна бир тожикистонлик шахс ўзининг шаръий никоҳидаги 30 ёшли турмуш ўртоғи билан 976 гр «опий» ва 994 гр «гашиш» гиёҳванд моддаларини олиб кетаётгани аниқланди. Улар моддаларни Сурхондарё вилоятининг Денов туманига бориб, Тожикистондаги наркосавдогардан 11 минг АҚШ долларига сотиб олгани айтилмоқда.


Бошқа ҳолатда эса Ёзёвон туманидан Марғилон шаҳри томон ҳаракатланаётган «Lacetti» русумли автомашина тўхтатилиб, кўздан кечирилди. Натижада, ундаги Марғилон шаҳрида яшовчи, 1979 ва 1983 йилларда туғилган, муқаддам судланган икки нафар йўловчи ёнида Қирғизистондан олиб келинган 698 гр «опий» гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди, дейилади хабарда.


Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳрида эса Тожикистоннинг Сўғд вилояти Мастчоҳ туманида яшовчи 1977 йилда туғилган шахс 1 кг 961 гр «гашиш» моддасини шартли харидорга сотган вақтида қўлга олинди.


Яна бир наркотик моддалар савдоси Наманганда фош этилди. Янгиқўрғон туманида ҳаракатланаётган «Cobalt» тўхтатилиб, текширувдан ўтказилганда, машинадаги йўловчи сифатида кетаётган 56 ёшли наманганлик фуқаронинг ёнидан 968 гр «гашиш» моддаси топилди.

Аниқланишича, у наркотик моддани Қирғизистондаги танишидан 7 минг АҚШ долларига сотиб олиб, учинчи шахслар имкониятлари орқали Янгиқўрғон тумани ҳудудига контрабанда йўли билан ўтказган.

Тезкор тадбирлар натижасида жами 14 кг 734 гр «опий» ва 3 кг 923 гр «гашиш» моддалари мусодара қилинган ва барча ҳолатлар юзасидан ЖКнинг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.