28 июль куни журналист Хуршид Далиевнинг Telegram-каналида «Ўқитувчи мардикорми?» сарлавҳали сурат эълон қилинди. Сурат тагида Наманган вилояти Тўрақўрғон туманидаги 51-мактаб ўқитувчилари таътил вақтида мактаб ҳудудини тозалашаётгани айтилади.

«Эътироз билдирган ўқитувчилар ҳақорат қилиниб, мактабдан йўқол қабилида муносабат билдирилган. Президент, таълим вазирлиги ўқитувчилар обрўси ҳақида бот-бот гапиришганига қарамасдан, туман ҳокимлиги ва директорлар шу усулда бюрократик тизим билан ўқитувчиларни маънавий эзишмоқда», — деб ёзди муаллиф.

Ҳолат юзасидан Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги муносабат билдирди. Хабарда қайд этилишича, ҳодиса тафсилотлари Наманган вилоят Бандлик бош бошқармаси Давлат меҳнат инспекцияси томонидан ўрганилиб, Тўрақўрғон туман ХТБга қарашли 51-сонли умумий ўрта таълим мактаб директори 2022 йил июнь ва июль ойиларида 10дан ортиқ мактаб ўқитувчилари ва бошқа ходимларни ишдан бўшатиш билан қўрқитиб, уларни мактаб ҳудудида ободонлаштириш ишларига мажбуран жалб қилгани аниқланган.

Мактаб директори Ўзбекистон Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддаси 1-қисмига асосан (15 млн сўм) жаримага тортилган.