28 июль куни Россиянинг Волгоград вилоятида ўзбекистонлик 11 нафар меҳнат мигранти овқатдан заҳарланди. Бу ҳақда ТАСС агентлиги хабар берди.

Таъкидланишича, ҳозирда икки киши вилоят юқумли касалликлар шифохонасига юборилгани, тўққиз нафари эса ўткир гастроэнтероколит дастлабки ташхиси билан марказий туман касалхонасида даволанмоқда. Уларнинг ёши 18 дан 60 ёшгача эканлиги маълум бўлди.

Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги 1 август куни ахборот берди.

Таъкидланишича, Волгограднинг Быковский туманидаги «Победа» фермер хўжалигида қонуний ишлаб келаётган фуқароларнинг соғлиғи ёмонлашгач, тез ёдам чақирилиб, шифохонага олиб борилган. Уларга овқатдан заҳарланиш ташхиси қўйилиб, шифохонага ётқизилган.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Волгограддаги вакилига шифокорларнинг маълум қилишича, ҳозирги вақтда фуқаролар ўзларини яхши ҳис қилишмоқда ва соғлиғи тиклангач, шифохонадан жавоб берилади.