28 июль куни Ченнай шаҳрида (Ҳиндистон) «миллатлар турнири» деб аталадиган 44-шахмат олимпиадаси бошланди. Сиёсий воқеалар фонида Россия ва Беларусь жамоалари турнирга қўйилмади, Хитой термаси эса мамлакатдаги коронавирус чекловлари туфайли Ҳиндистонга бормади.

Ўзбекистон эркаклар терма жамоасидан Нодирбек Абдусатторов, Нодирбек Якуббоев, Жавоҳир Синдоров, Жаҳонгир Воҳидов ва Шамсиддин Воҳидов, аёллар терма жамоасидан Нилуфар Якуббоева, Умида Омонова, Мафтуна Бобомуродова, Афруза Ҳамдамова ва Маржона Маликовалар иштирок этмоқда.

Фото: Ўзбекистон шахмат федерацияси

Аёллар терма жамоаси вакиллари дастлабки тўрт турда Гана (4:0), Замбия (3:1) ва Доминикан Республикаси (3:1) жамоалари устидан ғалаба қозонган бўлса-да, АҚШлик рақибларга имкониятни бой бериб қўйди (1:3). Шахмат федерацияси билан зиддиятдан сўнг АҚШ терма жамоасида ўйнай бошлаган ўзбекистонлик гроссмейстер Гулруҳбегим Тохиржонова ҳамюртларига қарши дона суришдан бош тортди.

Айни вақтда аёллар терма жамоаси 164 жамоа ичида 6 очко билан 33-ўринда бормоқда. Турнир жадвалини 8 очкодан тўплаган Озарбайжон, Польша ва Украина терма жамоалари бошқариб бормоқда.

Фото: Ўзбекистон шахмат федерацияси

Эркаклар терма жамоаси эса тўрт тур давомида Непал (4:0), Фарер ороллари (4:0) ва Словенияни (3:1) мағлуб этди, шунингдек, турнирнинг асосий фаворити — АҚШ (2:2) билан дуранг ўйнади.

Қайд этиш жоизки, Америка жамоаси таркибидаги 30 ёшли Фабиано Каруана (жаҳон шахмат рейтингида 7-ўрин), 39 ёшли Левон Аронян (5), 28 ёшли Уэсли Со (6) ва 30 ёшли Сэм Шенкленд (26)дан иборат шахматчилар ўзбекистонлик 17 ёшли Нодирбек Абдусатторов (50), 20 ёшли Нодирбек Якуббоев (167), 16 ёшли Жавоҳир Синдаров (153) ва 27 ёшли Жаҳонгир Воҳидов (369) иштирок этган олимпиаданинг энг ёш жамоаларидан бирига қарши баҳсда қийинчилик билан мағлубиятдан қутулиб қолишди.

Абдусатторов Каруанани қора доналарда мағлуб этди, Яккубоев Аронян билан дуранг ўйнади, Уэсли Со Синдаровни мағлуб этди. Воҳидов 51-юришда ғалабага яқин эди, бироқ у қўпол хатога йўл қўйди ва натижада Шенкленд дурангга эриша олди.

Навбатдаги ўйин куни якунларига кўра, Ўзбекистон 188 та жамоа орасида 7 очко билан 9-ўринни эгаллаб турибди.

Бешинчи турда эркаклар терма жамоаси Словакия, аёллар терма жамоаси Вьетнам билан баҳс олиб боради.

Учрашувлар трансляциясини Chess24 ва Chess.com YouTube каналлари орқали кузатиб боришингиз мумкин.