Ўзбекистонда август ойининг бошларида — ёз мавсумининг энг иссиқ даври «чилла» тугайди. Ўзгидромет матбуот хизмати ёзнинг сўнгги ойида об-ҳаво қандай бўлишига оид таҳлилларни эълон қилди.

Иқлимий маълумотларга кўра, мамлакатда август ойи июль ойига нисбатан 1,5−2,5 даражага салқинроқ бўлади. Ҳудуднинг аксарият қисмида август ойи ҳароратининг энг юқори чўққи қийматлари июль ойи максимумларидан паст бўлади.

Тошкентда июль ойидаги энг юқори ҳаво ҳарорати +44,6 даража (бундай ҳарорат 1997 йилда қайд этилган), август ойида эса +43,1 даража (1944 йилда)ни ташкил этади. Республиканинг чекка жанубида, Термизда июль ойида энг юқори ҳарорат +48,6 даража (1914 йилда), август ойида эса +46,3 даража (1947 йилда) бўлган.

Марказий ҳудудларда +42…+43 даражагача, жанубда +45…+46 даражагача бўлган жуда юқори ҳарорат қийматлари ҳар йили ҳам кузатилмайди. Август ойида жуда ҳам тез-тез 1−3 кун +39…+41о гача, жанубда +42…+43 даражагача бўлган ҳарорат кузатилади.

«Август — Ўзбекистонда энг қуруқ ой деб ҳисобланади. Август ойида ёмғир жуда кам — ҳудуднинг аксарият қисмида ўртача 1 кундан 3 кунгача бироз ёғади. Бироқ, ушбу қуруқ ой давомида айрим жойларда сезиларли жадалликдаги жала ёмғирлар кузатилиши истиснодан ҳоли эмас», — дейилади Ўзгидромет хабарида.

Шундай қилиб, 2020 йил 26 августда Ўзбекистоннинг марказий ҳудудларида ёғингарчилик миқдори 10−34 мм бўлган кучли жала ёмғирлар ёғиб ўтган. Шу куни Тошкентда ёғингарчилик 17 мм бўлди — бу август ойидаги кеча-кундузлик ёғингарчилик миқдори бўйича абсолют рекорддир.

Бу йил август нисбатан қулай ҳарорат қийматлари билан бошланади. Ойнинг биринчи беш кунлигида кундузги ҳаво ҳарорати +33…+38 даража атрофида бўлади. Худди шудай ҳарорат фони ойнинг охиригача устунлик қилади. Лекин шу билан бирга марказий ҳудудларда ҳарорат қисқа муддатли даврга +40…+41 даража гача, жанубда ва чўл зонасида +41…+42 даражагача кўтарилиш (1−2 кун) эҳтимоли бор.

Август ойининг айрим кунларида республика бўйича баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши мумкин.