Навоий вилоятининг Кармана туманида умумий қиймати 3,285 млрд сўм бўлган AntMiner Т19 майнинг қурилмаларини ўғрилаганликда гумон қилинган икки нафар шахс қўлга олинди. Бу ҳақда Ўзбекистон ИИВ Киберхавфсизлик маркази хабар берди.

31 май куни Навоий шаҳрида яшовчи (1995 й.т.) А.Ф. иссиқхонага ўрнатилган мосламалар ўғрилангани ҳақида маълум қилган. Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми «в» банди (Ўғрилик, кўп миқдорда содир этилган бўлса) билан жиноят иши қўзғатилган.

Киберхавфсизлик маркази ва унинг вилоят бўлинмаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-техник тадбирлар натижасида икки дона қурилма Тошкент шаҳар Юнусобод туманида яшовчи антимайнер қурилмаларини таъмирловчи (1999 й.т.) уста И.А. томонидан фойдаланиб келинаётгани аниқланди.

Шундан сўнг, тезкор суриштирув олиб борилганда мазкур антимайнер қурилмалари Кармана туманида яшовчи Н.Ф. ва Р.А. (иккаласи ҳам 1995 й.т.) томонидан ўғрилангани маълум бўлди. Улар қўлга олинди.

Н.Ф.нинг яшаш хонадонидан 11 дона AntMiner Т19 қурилмалари топилди ҳамда ушбу қурилмалар ашёвий далил тариқасида ҳужжатлаштириб олинди.

Ҳозирда қўлга олинган шахсларнинг бошқа жиноий шерикларини аниқлаш чоралари кўрилмоқда, дейилади хабарда.