Ўзбекистонда IT-мутахассислар ўртасида соврини 1 млн долларлик бўлган президент танлови ўтказилади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев 29 июль куни Юқори Чирчиқ туманидаги «Astrum» IT aкадемиясида соҳа мутахассислари билан учрашувда маълум қилди.

Давлат раҳбарига мазкур таклифни INHA университети талабаси Ясмина Аблаева билдирди.

У сўзи аввалида шу йили университет жамоаси билан АКТ вазирлиги ва Бирлашган Араб Амирликлари ҳамкорлигида талабалар орасида ўтказилган «mGovAward» республика танловида Tahrirchi мобил иловаси билан ғолиб бўлганини айтди.

INHA университети талабаси Ясмина Аблаева.

«Унивеститетимиз жамоаси „mGovAward“ стартап танловида иштирок этишга қарор қилди. Унда биз „Tahrirchi“ номли лойиҳамизни тақдим этдик. Бу ўзбек тилидаги матнларда имло хатоларини тузатишга ёрдам берувчи мобил илова. У мен ва бошқа дўстларим учун давлат тили билан тўғри ишлашда ҳақиқий ёрдамчига айланди», — дея таъкидлади талаба қиз.

Бунга нисбатан президент ўзбек тили грамматикаси жуда мушкул йўналиш экани таъкидлади. «Шерзод (АКТ вазири Шерзод Шерматов — таҳр.) дастурни таҳлил қилиб, олийгоҳларга ҳам берсак яхши бўлади. Бу дастурни олишса, мен ўйлайманки, тўғри бўлади», — деди у.

Ясмина сўзини давом эттириб, жамоаси танлов ғолибига айлангани ва 50 минг доллар пул мукофотини қўлга киритганини, мазкур маблағларни дастурни кенгайтиришга сарфлашини маълум қилди.

«Мен Ўзбекистонда IT-мутахассислар ва компаниялар учун имкон қадар кўпроқ конференциялар ўтказилишини жуда истардим. Назаримда, бу барча учун Ўзбекистонни минтақавий IT-hub сифатида очиб беради», — деди у.

Ясмина Аблаева шунингдек, IT-мутахассислар учун ҳар йили президент танловини ўтказиш таклифини билдирди. Унинг фикрича, бу ёшларнинг ривожланишига кўмаклашади ва улар Ўзбекистон IT соҳасида ёш истеъдодларни кашф этувчи макон эканлигини исботлашади. Президент унга юзланиб, бу танловга қанча маблағ талаб этилишини сўради. «Чунки, атрофимдаги одамлар ҳақиқатни айтишмайди», — деди у.

«Аслида, IT — бу жуда ижодий касб, менимча, унда ишлаётган ҳар қандай одам учун унинг лойиҳаси ривожланиши, қўллаб-қувватланиши, давлат даражасида тақдим этилиши энг катта мукофот бўлади. Агар одамлар дастурдан фойдаланса, бу энг катта шарафдир. Ва бу ерда ҳеч қандай бюджет керак эмас», — дея жавоб берди талаба қиз.

АКТ вазири Шерзод Шерматов.

«Барибир ўйлаяпманки, агар бошланишига 1 млн доллар ажратсак, бу яхшими ёки йўқ? Бу улар учун камми ёки кўп?», — дея сўради давлат раҳбари. Шу пайт суҳбатга АКТ вазири Шерзод Шерматов аралашиб, «бу жуда катта сумма» эканлигини таъкидлади. Шавкат Мирзиёев шунинг учун ҳам юқоридаги гапни айтганини таъкидлади. «500 минг қилайлик десак, бу ҳам жуда катта бўлса», — деб кулиб қўйди президент.

Вазирнинг сўзларига кўра, «mGovAward» лойиҳасида умумий соврин 100 минг доллар ва унда ҳам 5 мингдан ортиқ талаба иштирок этди. «1 млн долларни эшитиб, ҳамма талабалар катнашишни истаса керак».

Мазкур саволга Ясмина жавоб берар экан, ушбу рақам керагидан ортиқ яхшилигини қайд этди.

«Балки, бу катта рақам бўлиши мумкин, барибир биз бу пулни топиб, бу танловни эълон қилишга ҳаракат қиламиз. Ўйлайманки, бугун қандай контингент билан ўтирганимни биламан. Сизлар ақлий жиҳатдан бутунлай бошқача инсонсизлар ва ушбу мотивация етарли бўлади», — деди Шавкат Мирзиёев.