Ўзбекистон ва Озарбайжон умумий қиймати 500 млн доллардан ортиқ бўлган қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун инвестиция фондини ташкил этиш ниятида. Бу ҳақда 1 август куни ҳукуматлараро қўшма комиссия йиғилишида сўз борди.

«Биз бир ҳафта муддатда фондни тезроқ ташкил этишга қаратилган қўшма «йўл харитаси»ни қабул қилишга келишиб олдик», — деди комиссия ҳамраиси, Ўзбекистон бош вазири ўринбосари, инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Ходжаев.

Унинг эслатишича, июнь ойида Озарбайжон президенти Илҳом Алиевнинг Ўзбекистонга ташрифи чоғида томонлар нефть-газ, кимё ва тўқимачилик саноати, шунингдек, қишлоқ хўжалиги соҳаларида умумий қиймати 500 млн доллардан ортиқ бўлган салмоқли ҳужжатлар пакетини имзолаган эди.

«Энди уларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш зарур», — деди Жамшид Ходжаев.

Комиссия ҳамраиси, Озарбайжон иқтисодиёт вазири Микайил Жабборов ҳам икки давлат ўртасидаги сармоявий ҳамкорликни фаоллаштириш керак, деб ҳисоблайди.

«Шу жиҳатдан қўшма инвестиция фондини яратиш ҳамда унинг фаолият юритиши ҳар икки давлат инвесторларига ёрдам бера оладиган ва ёрдам бериши керак бўлган яхши восита бўлиши мумкин», — деди у.

Озарбайжон Иқтисодиёт вазирлиги раҳбари ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари орасида энергетика соҳасини алоҳида қайд этди. У июль ойи бошида «Ўзбекнефтгаз» ва Озарбайжон нефть компанияси SOCAR ўртасида икки мамлакатдаги нефть конларини биргаликда ўзлаштириш, қайта тикланувчи энергия манбалари ва рақамлаштириш лойиҳалари бўйича ҳамкорлик бўйича «йўл харитаси» имзоланганини эслатди.