29 июль куни соат тахминан 13:00 ларда Тошкентнинг Бектемир тумани Истиқлол кўчасида Matiz ва Howo юк машинаси иштирокида ЙТҲ содир бўлди, деб хабар берди пойтахт ИИББ матбуот хизмати.

Дастлабки маълумотларга кўра, Matiz ҳайдовчиси 2002 йилда туғилган Ш. Х. белгиланган тезликни меъёридан ошириб, руль бошқарувини йўқотгани сабабли қарама-қарши йўналишга чиқиб кетиб, ўз йўналишида ҳаракатланиб келаётган Howo русумли юк автомашинаси билан тўқнашиб кетган.

Ҳодиса оқибатида Matiz автомашинаси ҳайдовчиси олган оғир тан жароҳатлари натижасида воқеа жойида вафот этган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш, одам ўлишига сабаб бўлса) билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

ИИВ ЖХП ЙҲХХ маълумотларига кўра, жорий йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонда 3559 та ЙТҲ содир бўлди, уларда 2775 киши жароҳат олган бўлса, 784 киши ҳалок бўлди. Шу давр ичида Тошкент шаҳрида расман 413та ЙТҲ қайд этилиб, натижада 377 киши тан жароҳати олди, 36 киши ҳалок бўлди. Пойтахтда содир бўлган бахтсиз ҳодисаларнинг деярли ярмига сабаб — тезликни белгиланган меъёридан ошириш.