«Газета.uz» «Замонавий касб эгалари» лойиҳасини бошламоқда. Мазкур лойиҳа доирасида бугунги кундаги актуал касблар ҳисобланган IT соҳасида фаолият олиб бораётган ўзбекистонликлар билан суҳбатлар уюштирилади. Бунда қаҳрамонларнинг ёшлиги, соҳага кириб келишларига нима туртки бўлгани, касбларининг бугуни ва эртаси, уларнинг бошидан ўтказган синовли ҳаёт йўллари ва муваффақиятларининг сирлари ҳақида фикр алмашилади.

Лойиҳанинг дастлабки меҳмони — Лазизбек Ҳамидов. У 1989 йили Наманган вилоятининг Учқўрғон туманида туғилган. 2006−2010 йиллар давомида Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг Журналистика факультетида таълим олган. Ўқишни битиргач, дастлаб, «Солиқ инфо» газетасида, кейинчалик «XXI аср» газетасида, ундан сўнг, ЎзА (Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги)да фаолият юритган. 2014 йилда эса журналистика фаолиятини тарк этиб, дизайн соҳасини ўрганишни бошлаган. У бугунги кунга келиб компьютер графикаси хизматларини кўрсатувчи «Тасниф» дизайн студияси ҳамда «Тасниф» мактаби раҳбари ҳисобланади. Қолаверса, Лазизбекни кўпчилик Youtube`даги Ular лойиҳасининг муаллифи ва бошловчиси сифатида яхши танийди.

— Журналист қандай қилиб компьютер графикасига ўтиб кетди?

— 2010 йиллари журналист қандайдир қизиқ нарса ёзиб, нон топиши жуда ҳам қийин бўлган. Умуман, давлат ҳамда хусусий матбуотда сизнинг маълум чегаралар бўлган. Хоҳласангиз ҳам ушбу чегарадан ташқарига чиқа олмагансиз ва бу сизга қандайдир қўшимча даромад манбаини бермаган. Вақт ўтган сари жуда ҳам қийин вазиятга тушишни бошлаганман. Яъни, Ўзбекистонда журналистика бир одамни боқиши, унинг бирламчи эҳтиёжларини қондириши, оиласини таъминлаши учун етарли бўлмаган. Шунда мен журналистика орқали бу нарсаларни топиш қийин эканлигини ва соҳани ўзгартириш кераклигини тушунганман.

Ўша пайтда интернет ва унга алоқадор соҳалар ҳозиргидек бўлмаган. 12 йил олдин фақатгина Ўзбекистон марказлари, дейлик, пойтахт ва вилоят марказларида интернетга имконият бўлган. Интернет аудиторияси ҳам ҳозиргига нисбатан юз марта кичкина эди. Шунинг учун интернетдан пул топиш манбаи сифатида фойдаланилмаган. Шу билан журналистикадан бутунлай кетиб, фақат янги соҳани ўрганишга ҳаракат қилганман.

Янги соҳани аниқлашда ўзим учун бир нечта мезонлар тузиб чиққанман. Булардан бири — соҳа жудаям замонавий бўлиши керак эди. Яъни, 2, 4, 6, 8 йиллар ўтган сари бу соҳага талаб ортиб бориши керак бўлган. Мана шу мезонларни ўзимга қаттиқ қўйганман. Уларнинг рўйхатини тузган ҳолда компьютер графикасига талаб ошиб бораётганини тушунганман. Шундай қилиб, 2014 йили журналистикани ташлаб компьютер графикасига кириб келганман.


— Нега айнан компьютер графикаси? Кўз остингизда бошқа соҳалар ҳам бормиди?

— Мен бирор жойга борсам, қайси касбни танлаш кераклиги ҳақида сўрашади. Агарда одам ўзига-ўзи мурожаат қиладиган бўлса, баъзи саволларга аниқ жавоб топа олади. Масалан, сиз, ўзингизга «мен косиблик билан шуғуллана оламанми? Мен этикдўзлик қила оламанми? Ёки мен дурадгорлик қила оламанми?», деб савол беришингиз мумкин. Ва шу саволларга жавоб бериб кўришингиз керак.

Мен математикани яхши билмайман. Демак, ҳеч қачон яхши дастурчи бўла олмайман. Нимага? Чунки дастурлаш бу математика, алгоритм билан боғлиқ соҳа. Ёки мен кимё, физика, улардаги формулаларни билмайман. Демак, физика, кимё, математика билан боғлиқ касблар мен учун оғир кечишини тушунганман. Лекин журналистикага яқин бўлган ҳолда, компьютер графикаси кўпроқ ғояга, яъни қарашларингиз, фантазияларингизга асосланган соҳа. Фантазиям ёмон эмас. Яъни нимадирни ўйлаб топиш, кадрларни кўра олиш яхши ривожланган. Шундагина ушбу соҳа меники эканлигини тушунганман.

Аввал бошида дастурлаш билан ҳам шуғулланиб кўрганман. Дастурлашга биринчи марта борсангиз HTML ва CCC деган йўналиш бор. HTML, CCC`ни жуда яхши тугатганман, дастурий тилга ўтганимизда кўп қийналганман. Шунда дастурлаш соҳаси мен учун эмаслигини англаганман. Фотографлик ҳам қилиб кўрганман. Бироқ унда ҳам улкан келажакни кўрмаганман. Фотографлик тор доирали йўналиш, уни битта мутахассис қилади. Компьютер графикаси эса кенг, чегараланмаган соҳа. У ерда сиз қарашларингиз, фантазияларингизни бемалол ярата оласиз. Мен бу соҳада ҳам бошлаган ишим ўхшамай қолишини тушунардим. Лекин ўзимнинг бир ҳақиқатим бор — баъзи соҳаларни қўллаб кўрмагунингизча сизники ёки сизники эмаслигини тушунмайсиз. Мен компьютер графикаси қўлимдан келаётгани ва у ерда қандайдир натижага эришишимни сездим. Шундан кейин компьютер графикаси билан қаттиқроқ шуғулланишни ва унга умримни сарфлашни бошладим. Вақт ўтган сари эса бу ўз мевасини бера бошлади. Ҳозирда мазкур бозорда анчагина ўрнимизга эга бўлиб қолдик.

— Сиз мазкур соҳага кириб кетганингизда унинг жамиятдаги ўрни қандай эди? Ва ҳозир қандай?

— Сиз билан ҳозир 2022 йилда турибмиз. Бугун баъзи соҳаларда инсон омили анча камайиб кетган. Агар эътибор берсангиз, қишлоқ хўжалигида қачондир юзлаб одам қилган ишни ҳозир битта техника қиляпти. Сиз тушунасиз, жисмоний куч талаб қиладиган соҳаларда инсон омили камайиб, кундан-кун автоматлашиб бораверади. Яъни, биз иккита нарсани ортидан кетяпмиз: биринчиси -автоматлаштириш, иккинчиси — сунъий интеллект. Мана шу келажак. Сиз буни инкор қилмайсиз. Сизга вақти келиб жуда кўп нарса технологиялаштирилади, автоматлаштирилади, сунъий интеллектга келадиган бўлсак, кўплаб қарорларни техникаларнинг ўзи қабул қилади десак, «ҳа тўғри, XXI асрда яшаяпмиз, шунинг учун ҳам гапингизда жон бор», — деб айтишингиз мумкин.

8 йил орқага қайтадиган бўлсам, ҳозирги қарашларим ўша пайтда ҳам бўлган. Вақти келиб Digital (рақамлаштириш) бизнинг ҳаётимизга кириб келади, деб ўйлаганман. Ёшлигимизда кўп кино кўрганмиз. Масалан, 30, 40, 50, 60 йил илгари суратга олинган фантастик киноларга эътибор берадиган бўлсак, ҳозир ҳаётда ўша нарсалар бажариляпти. Кинодагиларнинг кўпи фантазия асосига қурилган. Ҳозир ҳам Марс ёки қанақадир галактикаларни забт этиш ҳақидаги киноларни кўрасиз. Бу айни дамда сизга фантастикадек кўринар, лекин 50 йилдан кейин фантастика бўлмай қолади. Шунинг учун ҳам ўтириб ўйлаганимда, келажак технологиялар қўлида эканлигини тушуниб етганман ва буни инкор қилиб бўлмайди. Бу қарорга ҳамма одам кела олади, фақат бироз мулоҳаза керак.

Ҳозир кўп ёшлар олдимга келади. Улар ўйинқароқ, ҳеч нарсани ўйлашни хоҳламайди — ишини бажаради, кетади. Лекин инсон ўтириб ўйласа, мулоҳаза қилса, кўп саволларига ўзи жавоб топа олади. Ҳозир Ўзбекистонда оммавий билимсизлик жуда юқори. Вилоятларга борсангиз, билим даражаси анча паст. Лекин ҳеч бўлмаса одам ўзига-ўзи савол бериши мумкин. Бирор саволни олдингизга қўйиб туриб, унга жавоб қидиришга холис ёндашсангиз, холис жавоб топа оласиз.


— Мана, орадан 10 йил ўтди. Сиз ўзингизни бозорда етакчилардан бири сифатида ҳис қила оласиз. 10 йил аввал шу даражага эришишингизни кутганмисиз? Ёки бирор аниқ стратегия устида меҳнат қилганмисиз?

— Мен ҳозирги муваффақиятим ёки 5 йилдан кейинги бўладиган маваффақиятимни аниқ-тиниқ кўролмаганман. Лекин биз барибир нимагадир умид қиламиз-ку, тўғрими? Ҳозир журналистикада битта жойда ишлаётган бўлсангиз, 5 йилдан кейин 5 та жойда консультант бўлиб ишлашингиз мумкин. Ҳар бири 10 миллиондан ойлик тўлаган тақдирда ҳам 50 миллион сўм топишингиз мумкин. Шунинг учун ҳам олдиндан ўзимда катта ўзгариш бўлиб кетади, деб ўйламаганман. Лекин ҳеч бўлмаса, мен ўзимни шу соҳа орқали боқа олишимни тушуниб етганман.

Ҳамма нарса оғир меҳнат, узоқ вақт ҳисобига қурилади, деб бироз адашган эканман. Аслида бу ҳам тўғри, лекин бироз адашган эканман. Нимага? Озгина иқтидор бўлса ҳам жуда яхши экан. Бу сизни бир неча баробар юқорироққа сакрашингизга ёрдам берар экан. Ҳозир шунақа хулосага келдимки, биринчи навбатда Ўзбекистон ёшлари ўзи учун яратилган соҳани топиб олиши керак экан. «Шу соҳа меникими?», деган саволни авваламбор ўзига бериши керак. Ўнг минглаб ёшлар қайсидир соҳаларда фаолият олиб боряпти, лекин уни иқтидори бошқа соҳада тезроқ ва яхшироқ ривожланиши мумкин эди. Масалан, бир бола қайсидир давлат ташкилотида ишлайди. У қўлига қоғоз олиб, зўр расм чизиб қўйиши мумкин. Дейлик, ўзи оддий ҳисобчи. Агар унга бориб, «сиз зўр чизаркансиз», десангиз, «ҳа, мен мактабда зўр чизардим, рассомчиликка ўқиганман», дейди. Агар у ўша соҳадан кетиб, рассомчиликни юқори даражага олиб чиққанида ҳозирги даромадидан 10 марта кўпроқ топиши мумкин эди.

— Бирор киши сизнинг соҳангизда ўз ўрнини топиб кета олиши учун олий маълумотли бўлиши керакми?

— Бизнинг соҳамизда олий маълумот шарт эмас. Радикал тарзда шарт эмас, дейишим ҳам нотўғри бўлиши мумкин. Бўлса, яхши, бўлмаса ҳам ёмонмас дегани. Чунки соҳамиз санъатга жуда яқин. Озгина иқтидор бўлса ҳам яхшироқ ва тезроқ ривожланасиз. Келинг, тан олайлик, ҳуқуқшунос, ўқитувчи, тиббиёт, банк соҳасида ишлаётганлар учун олий маълумот муҳим. Лекин шеър ёзиш, ҳайкалтарошлик, фотографлик, режиссёрликда одамнинг физиологияси кўпроқ роль ўйнаб қўяди. Қандайдир кадр кўра олиши — уни маваффақиятга олиб боради. Шунинг учун ҳам бу саволингизга жавобим шунақа бўладики, қайси соҳадан кетаётганингизга қараб олий таълим керакми ёки керак эмасми, деган саволга жавоб берсак тўғрироқ бўлади. Ҳозир бизда ишлаётган ёки шогирдликка келаётганларнинг аксар қисми 18 ёш атрофида. Улар ҳали мактаб ўқувчилари. Лекин соҳани бошлаб қўйишган. Университетда 1-курс бўлганда пул топаётган бўлади. Уларга олий маълумоти йўқлиги ушбу ишни эгаллашига халақит бергани йўқ.

— Сизнинг ишингиз жамият учун қанчалик фойдали? Масалан, оддий одамлар учун қандай қиймати бор?

— Бу саволингизга ҳам жавоб бериш қийин. Cоҳамизнинг бирор чекка ҳудуддаги болага кўпгина ижобий таъсири бор, десам сизни алдаган бўламан. Биз ҳозир бу соҳани жамиятга фойдасини эмас, ўзимизга бўлган фойдасини гаплашяпмиз-ку, тўғрими? Агар биз тиббиёт ҳақида гаплашадиган бўлсак, мен олий тоифали шифокор бўлганимда «юрак пароги билан туғилган болани тузалишига озгина ҳиссамни қўшаман», деган бўлардим. Лекин мен санъатдаги одамман, нимадирни яратишим мумкин, у чекка ҳудуддаги одамга етиб борадими, йўқми, буни билмайман.

Мақтана оладиган тарафларим ҳам бор. 2022 йилга келиб Ўзбекистонда IT соҳаси ривожланиб кетди. Ҳамма болалар ҳамма ўзини компьютер графикаси, дастурлаш соҳаларига урмоқда. Агар биз ёшларнинг ҳаммасини шу соҳага ўргатиб, уларни чет элга чиқаришни бошласак, ўзлари катта-катта студияларда ишга кетишса, Россияга 500 кишини мигрант сифатида юборгандан кўра фойдалироқ бўлади. Масалан, мигрантлар 100−200 доллар ойлик олишади. Дизайнер Америкада ишласа, оиласига ойига 1000 доллар юборади.

— Бугунги кунда ойлик даромадингиз қанча?

— Компаниямизнинг даромади, масалан, 300 миллион сўм бўлиши мумкин, 400 миллион сўм бўлган пайтлар ҳам бор, лекин бу соф фойдамас. Яъни, бу менинг фойдам эмас. Компаниямизда 15−20 нафар бола бор, бу компьютер графикаси студияси учун жуда кўп дегани. 20 нафар одам ишлаётган компьютер графикаси соҳасидаги студияни Тошкентда деярли топа олмайсиз. Буни ушлаб туриш, ҳар кунлик харажатлар жуда катта. Болалар чарчайди, зерикади, безиб қолишади, ижодий инқироз деган нарса бор. Шундай ҳолатларда уларнинг кўнглини олиб, ушлаб туришингизга тўғри келади. Буларнинг ҳаммаси сиз учун харажат ҳисобланади.

Шахсан ўзимнинг даромадим ҳозир Ўзбекистонда исталган яхши ойлик олиши мумкин бўлган дизайнерникидан юқорироқ — 3 минг доллардан ортади. Ўйлайманки, биз айни дамда нарвоннинг биринчи поғонасида турибмиз. Ҳали бешинчи, ўнинчи поғоналарни ҳам кўрмоқчимиз. Бу даврда студиямизда 50, 100 нафар одам ишлаётган бўлади ва бизнинг барча буюртмаларимиз халқаро даражада бўлади. Ана шундагина даромадимизни айтиб, бемалол мақтансак бўлади. Умуман олганда, соҳанинг ҳолати ҳозир ўртача шундай: 3−4 миллиондан, 40−50 миллион сўмгача.

— Сиз ўзингизни қачон «мен муваффақиятли инсонман» деб айта оласиз?

— Иқтисодий эркинликка эришишим керак, иқтисодий эркинлик дегани: мен ҳеч нарсани ўйламаслигим керак. Масалан, бунга нима киради? Дейлик, мен эрталаб турдим, юз-қўлимни ювиб спорт залга бордим, озгина шуғулландим, чиқдим, кофе ичиб, тушдан сўнг Европага учиб кетдим. У ерга бордим, ўтириб бирор кўчасида овқатландим, меҳмонхонада тунаб қолдим, эртаси куни эса машинани ижарага олиб, чегарадан бошқа давлатга ўтиб кетдим. 15−18 кун айланиб, масалан, 10 минг долларни сарфладим.

Мен ҳозир яхта сотиб олиш ёки Париждан беш хонали уй харид қилиш ҳақида гапирмаяпман. Агарда мен ҳозирги вақтда ойлик даромадим 80−100 миллион сўм атрофида бўлса, ўзимни муваффақиятга эришган деб ҳисоблай оламан.

— Сизнинг соҳангизда ишлаб туриб Ўзбекистонда миллиардер бўлиш мумкинми?

— Ҳа. Cўмда миллиардер бўла олади. Дизайнер — битта яхши жамоага эга мутахассис раҳбар сифатида ойига 30 минг доллар топса, йилигига 360 минг доллар бўлади. Бу 3−4 млрд сўм дегани

— Агарда сизни қониқтирадиган маош билан давлат ишига таклиф қилишса, ўтиб кетасизми?

— Йўқ, бормас эдим. Сабабини тушунтираман. Ижодкор одам жуда инжиқ бўлади, деган гап бор. Сиз агар мақом, рассомчилик йўналишида катта тажрибага эга инсон билан суҳбат қилмоқчи бўлсангиз у жуда инжиқ бўлади. Унинг инжиқликларини кўтаришингиз керак, санъат вакиллари шунақа. Улар аниқ бир нарса топиб эмас, илҳом билан ишлашади.

Давлат ишида талаб кучли ва битта инсон бир нарсани ҳал қила олмайди. У ерда раҳбарлар кўп. 10 йиллик тажрибамда кўп раҳбарлар билан ишлаганман ва қийналганман. Бу мен учун травма. Агарда ҳозир давлат ишига жойлашсам, ўзимнинг салоҳиятимни 100 фоиз очиб, ўзим тўғри деб билган йўлга қўя олмайман. Менга йўл беришмайди.

— Иш жараёнида энг кўп сизни нима стрессга тушириб қўяди?

— Биринчи навбатда — режим. Бизда умуман режим йўқ. Компьютер билан ишлайдиган одамлар кечаси 1:00 да ҳам, 2:00 ҳам компьютерда ўтирган бўлади. Ҳаётингиз ишдан иборат бўлиб қолгандан кейин, бу сизни маълум стрессларга олиб келади. Чунки бир нарса ҳар доим такрорланаверади, шунинг қулига айланиб бораверасиз. Соғлиғингизда қандайдир муаммо чиқса 100 кунлаб вақтингиз бир хил такрорланиб ўтаётганини ўйлайсиз ва бу сизни депрессияга туширади. Мен ҳозир умумий руҳият ҳақида гапиряпман. Шунақа ҳолатлар бўлади, баъзи ишингиз ўтмайди, қайтаверади. Ёки келишилган пулингизни ололмайсиз. Бу нарса ҳам асабингизга тегади. Умумий олиб қарайдиган бўлсак, нормал одамларга ўхшаб яшамаётганингизни ҳис қиласиз. Шу нарса стрессларга олиб келади. Бу, албатта, шахсий ҳаётингизга ҳам таъсир қилади.


— Сизнинг соҳангизга кириб келмоқчи бўлган ёшларга қандай маслаҳатлар берган бўлардингиз?

— Биринчи навбатда ўзига савол берсин. Бу соҳа у учунми ёки унга тўғри келмайдими? Қанчалик даражада буни хоҳлаяпти?. Агар соҳа уники бўлмаса, соҳани ўйлаб ёнмаётган бўлса кирмасин. Чунки барибир бу соҳада муваффақиятга эриша олмайди.

Иккинчи маслаҳатим бу — меҳнат. Жуда ҳам чексиз меҳнат. Бусиз иложи йўқ. Кўп вақтини сарфлаши керак. Кунига 5 соат сарфлаб, профессионал бўламан дейдиган бўлса, чучварани хом санабди. Ҳеч қачон унақа бўлмайди.

Учинчиси — соҳага кириб келганда дарров пулга қизиқмаслик. Дейлик, кимдир шу соҳага кириб, 6 ойдан кейин қўлидан нимадир келиб қолди. Дарров ўзини пулга урмаслиги керак. Пулнинг ўзи кейин келади. Ишини яхши кўриб қилиши керак. Кунингиз ўтиб турса, бўлди. Кейин бирданига ҳаммаси келишни бошлайди. Мана шу учта нарса яхшигина муваффақиятга олиб боради.

— 5 йилдан кейин ўзингизни қаерда ва қай ҳолатда кўряпсиз?

— 5 йилдан кейин Ўзбекистонда бўламан. Тўғри, саёҳат қилишни яхши кўраман ва маслаҳат бераман. Агар қурбингиз етмаса, Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилинг дейман. Ишим Ўзбекистонда бўлади. Лекин жуда тизимлашган, ўз биноси, техникаси, иш тизимига эга катта студия сифатида кўраман. Катта офис сотиб олиб, ўзимиз хоҳлагандек таъмирлаган бўламиз. У ерда 50 нафарга яқин мутахассис ишлаётган бўлади. Мутахассислар компьютер графикаси бўйича йўналишларга бўлинади. Масалан, 10 нафари 2Д графика, 10 нафари 3Д графика, 10 нафари график дизайн, 10 нафари лойиҳа менежери бўйича. Доимий шартномаларга эга, нафақат Ўзбекистон бозорида, балки чет элдан жуда катта буюртмаларни олиб ишлаётган ва менинг иштирокимсиз, бемалол ўзи фаолият юритаётган компаниямиз бўлади, деб ўйлайман.

Эслатиб ўтамиз, бунга қадар, «Газета.uz» Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидаги IT соҳасини ўрганаётган ўсмир қизлар билан суҳбатлар уюштирганди. Мазкур мақолаларга ҳаволалар қуйида келтирилган.