ДХХ томонидан ИИБ ЖҚБ ҳамда Тошкент шаҳар ИИББ билан ҳамкорликда ноқонуний ер сотиш билан боғлиқ бир нечта ҳолатларнинг олди олинди, деб хабар берди Давлат хавфсизлик хизмати.

Аниқланишича, Тошкент шаҳрида яшовчи (1959 й.т.) муқаддам судланган шахс Тошкент вилоятининг Юқоричирчиқ туманида жойлашган ва бошқа бир фуқарога иссиқхона ташкил этиши учун ажратилган 2 гектар суғориладиган ер майдонини ҳокимият тизимидаги танишлари орқали харидор номига расмийлаштириб, у ерда ишлаб чиқариш цехи қуриши учун рухсат олиб бериш эвазига 500 минг доллари талаб қилади. У сўралган пулнинг 50 минг долларини олдиндан олган вақтида ушланди.

Бўстонлиқ туманида кузатилган ҳолатда эса 1990 йилда туғилган шахс бошқа бир фуқарога тегишли фермер хўжалигига боғдорчилик учун 49 йил муддатга ажратилган 35 гектар ер майдонини мансабдор танишлари орқали аукцион савдоларига чиқармасдан харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига 350 минг доллар талаб қилади. У сўралган пулнинг 40 минг долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинди.

Шунингдек, Тошкент шаҳрида яшовчи (1992 й.т.) шахс Бўстонлиқ туманидаги маҳаллий МЧЖга тегишли 3 гектар ер майдонини унинг номига расмийлаштириб бериш эвазига 680 минг доллар талаб қилади ва олдиндан 10 минг доллар олган вақтида ушланди.

Бундан ташқари, ДХХ Жиззах вилояти бўйича Бошқармаси томонидан Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент билан ҳамкорликда ўтказилган тадбирда ноқонуний ер савдоси билан боғлиқ яна бир ҳолатнинг олди олинди. Шароф Рашидов туманидаги пахта ва ғаллачиликка ихтисослашган фермер хўжалик раҳбари 5 гектар сувли ер майдонини туман қишлоқ хўжалиги бўлимида ишловчи танишлари орқали харидор номига расмийлаштириб беришни ваъда қилади.

У ер майдонини 200 млн сўмга сотишга келишади ва сўралган пулни олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Андижон вилоятидаги ҳолатда эса ДХХ ҳамда Департамент томонидан Андижон шаҳрида ва Олтинкўл туманида яшовчи муқаддам судланган 3 нафар шахс мансабдор танишлари орқали Олтинкўл туманидаги кичик саноат зонаси ҳудудидан 4,5 гектар ер майдонини харидор номига расмийлаштириб бермоқчи бўлади.

Бунинг эвазига 36 минг доллар талаб қилишади ва улардан бири сўралган пулдан 10,7 долларини олган вақтида ушланди. Шунингдек, тадбир давом эттирилиб, унинг икки нафар шериги ҳам қўлга олинди, дейилади хабарда.

Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.