Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати Коррупцияга қарши кураш агентлигининг вазирлик тизимида биринчи ярим йилликда давлат харидлари соҳасида 36,1 млрд сўмлик 1106 та ҳуқуқбузарлик ҳолати аниқлангани ҳақидаги хабарини инкор этди.

«Агентликнинг хабарида баён этилган ҳолатлар Мудофаа вазирлиги бюджет маблағларига мутлақо алоқаси бўлмаган „Харбий савдо“ корхоналарининг 5 йиллик фаолияти давомида йўл қўйилган хато ва камчиликлардир», — дейилади Мудофаа вазирлиги хабарида.

Кейинчалик коррупцияга қарши кураш агентлиги телеграм каналидаги маълумотларни таҳрирлаб, улардан Мудофаа вазирлигига оид рақамларни олиб ташлади.

Агентлик хабарида айтилишича, олти ой давомида давлат харидларига оид қонун талабларига риоя қилиниши юзасидан жами 10 та вазирлик, идора ва ташкилотларда ўтказилган ўрганишларда 1143 та ҳолатда 48,5 млрд сўмлик молиявий хато ва камчиликлар аниқланган.