Ўзбекистонлик профессионал боксчи Элнур Абдураимов (10−0, 9 КО) пайшанба куни Калифорнияда бўлиб ўтган Golden Boy Promotions бокс шоусида иштирок этди.

Унинг рақиби 25 ёшли мексикалик Леонел Морено (11−2, 9 КО) — ўтмишда асосан дебютантлар ёки ёмон кўрсаткичли (5−14 ёки 3−26) рақиблар билан учрашган спортчи бўлди.

Жанг жуда тез якунланди. Дастлабки сонияларданоқ Элнур ҳолатни ўз назоратига олди ва ринг бўйлаб рақибини таъқиб қилди. Мексикалик ўзини жуда пассив тутди, баъзида зарбаларини ҳам сусайтирди.

Биринчи раунд бошланганидан бир дақиқа ўтиб, Элнур Абдураимов аниқ ҳужум уюштирди ва чап томондан рақибининг жигар қисмига зарба берди. Рақиб эгилиб, ўзига келолмади.

Жанг натижасида ўзбекистонлик боксчи бўш қолган IBF North American камари соҳибига айланди.