Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ҳамда ДХХ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирларда учта ҳудудда ўқишга киритиб қўйиш ва ўқишни кўчириб беришга уринганликда гумонланган фуқаролар қўлга олинди.

Чилонзор туманидаги ҳолатда «R.C.» МЧЖ тасисчиси ва раҳбари С.К. фуқаро М.ни гўёки юқори лавозимларда ишловчи танишлари орқали 10 000 АҚШ доллари эвазига Тошкент тиббиёт академиясига ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилган. Келишилган пулдан 5000 долларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Шу каби ҳолат Сирдарё вилоятида ҳам қайд этилди. Фуқаро О.У. бошқа бир фуқаро А.ни юқори лавозимда ишловчи танишлари ёрдамида Гулистон давлат университетига ўқишга киритиб қўйиши эвазига 5000 долларни олган вақтида қўлга олинди, дейилади хабарда.

Самарқанд вилоятида ўтказилган тезкор тадбирда эса Самарқанд давлат чет тиллар институтида тютор вазифасида ишловчи Ш. Т. ушланди. У фуқаро Ф.ни 3500 доллар эвазига қўшни Қозоғистондаги ОТМнинг 1-курсини тугатганлиги тўғрисида ҳужжат тайёрлаб бериш орқали институтнинг 2-курсига ўқишга киритиб қўйишга келишган. Гумондор олдиндан 2000 долларни олганида ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари томонидан ҳибсга олинган.

Янгиҳаёт туманида ҳам юқоридаги каби ҳолат содир бўлди. Фуқаро Ж.С. бошқа бир фуқаро П.ни танишлари ёрдамида қўшни Қозоғистондаги университетнинг 2-курсини тугатганлиги тўғрисида ҳужжатларни тайёрлаб беришига ишонтиргани айтилмоқда. Гумонланувчи шу орқали Тошкент шаҳридаги университетларнинг бирига 3-курсига киритиб қўйишни ваъда қилган, бунинг эвазига олдиндан келишилган 2500 долларни олганида ушланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.