Президент 25 июль куни «Ўзбекистон Республикаси аҳолисини ижтимоий ҳимоя қилиш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида»ги фармонни имзолади. Ҳужжат матни ЎзАда эълон қилинди.

Фармон билан Молия вазирлиги таркибида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Ижтимоий суғурта жамғармаси ташкил этилди.

Ижтимоий суғурта жамғармаси фаолиятини молиялаштириш манбалари бўлиб Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳамда қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобланади.

Ижтимоий суғурта жамғармаси ҳисобидан 1 сентябрдан бошлаб давлат ижтимоий суғуртаси бўйича минимал истеъмол харажатларидан келиб чиқиб ҳомиладорлик ва туғиш нафақалари тўланади. Бунда, ходимнинг иш стажида 1 ойгача бўлган танаффуслар мавжуд бўлса ушбу танаффуслардан олдинги ва кейинги ойлар кетма-кет иш стажини ҳисоблашда қўлланилади.

Келгусида давлат ижтимоий суғуртаси бўйича бериладиган нафақалар «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими орқали босқичма-босқич тўланади.

Президент матбуот хизмати маълум қилишича, хусусий секторда ишлаётган аёлларга давлат томонидан тўланадиган ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси миқдори — 2 миллион сўмни ташкил этади.

Мазкур ўзгаришлар ҳақида президент Шавкат Мирзиёев аввалроқ, апрель охирларида ўтказилган видеоселектор йиғилишида айтиб ўтганди. Нафақани тўлаш учун Ижтимоий суғурта жамғармасига жорий йилда бюджетдан 170 млрд сўм ажратилиши белгиланганди.

Эслатиб ўтамиз, президент 1 март куни ўтказган йиғилишида ҳам ҳомиладорлик нафақасини тўламаслик учун тадбиркорлар аёлларни ишга олмаслигини танқид қилганди. Ўшанда ҳомиладорларга ҳам 4 ойга 2 млн сўм миқдорида бир марталик ҳомиладорлик нафақаси тўлаб берилиши айтилиб, шу мақсадлар учун бюджетдан 2022 йилда 200 млрд сўм, 2023 йилда эса 1,7 трлн сўм йўналтирилиши маълум қилинганди.