Ўзбекистонда ижро интизоми бўйича электрон тизим — Ijro.gov.uz орқали белгиланган президент ҳужжатлари ижросини таъминламаган 12 нафар давлат хизматчисига интизомий жазо чораси қўлланилди.

Бу ҳақда 27 июль кунги матбуот анжуманида Адлия вазирлиги Президент ҳужжатлари ижросини назорат қилиш бошқармаси бошлиғи Нўъмон Муҳаммадиев маълум қилди.

Таъкидланишича, 6 ой давомида 313 та ҳужжат, хусусан 36 таси қонун, 46 таси фармон, 172 таси қарор, 9 таси фармойиш ва 50 таси йиғилиш баёни рўйхатга олинди ҳамда ундаги 16 599 та топшириқлар назоратга олиниб, Ijro.gov.uz портали орқали ижрога қаратилди.

«Ягона электрон тизим ҳамда янги механизмлар жорий қилиниши натижасида ортиқча оворагарчилик, қоғозбозликларнинг олди олинди, топшириқлар масъул ижрочиларга тезкор тарзда етказилиб, уларнинг ижроси ўз вақтида ва тўғри ташкил этиш йўлга қўйилди. Шунингдек, узоқ вақтлар давомида бажарилмасдан келинаётган топшириқларнинг бажарилиши таъминланиб, бу каби салбий ҳолатлар кескин камайишига эришилди», — Адлия вазирлиги вакили.

Унинг сўзларига кўра, март ойидан бошлаб хаттоки президент Администрацияси раҳбарининг топшириқлари ҳам рўйхатга олиниб, ижроси назорат қилинмоқда.

Бундан ташқари, муддати ўтиб, бажарилмаган топшириқлар ижросини таъминлаш ҳамда келгусида бу каби ҳолатларни такроран содир этилишининг олдини олиш юзасидан Молия вазирлиги, Қурилиш вазирлиги, Энергетика вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси ва бошқа идораларга 10 дан ортиқ тақдимномалар киритилди.

«Натижада ижро интизоми бузилишига йўл қўйган жами 12 нафар ходим интизомий жавобгарликка тортилди. Шундан 5 нафари эгаллаб турган лавозимидан озод қилинган бўлса, 6 нафари ҳайфсан ва 1 нафарига жарима жазоси қўлланилди», — деди Нўъмон Муҳаммадиев.

Кўрилган чора-тадбирлар натижасида муддати ўтиб, бажарилмаган топшириқлар сони 1 июнь ҳолатига, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 204 тага ёки 69 фоизга камайтиришга эришилди.