Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 28 июль куни Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Ташқи ишлар вазирлари кенгаши тадбирларида иштирок этиш учун мамлакатга ташриф буюрган Хитой ташқи ишлар вазири Ван И бошчилигидаги делегацияни қабул қилди, деб хабар бермоқда давлат раҳбари матбуот хизмати.

Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш ва кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш истиқболлари, жумладан, Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг бўлажак Самарқанд саммити кун тартиби юзасидан фикр алмашилди.

Хитой ташқи ишлар вазири Шавкат Мирзиёевга ХХР раиси Си Цзиньпиннинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди. У Хитой томони икки томонлама муносабатларнинг бугунги даражасини юксак баҳолаётганини қайд этди.

«Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган сиёсий янгиланишлар ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар тўлиқ қўллаб-қувватланаётгани таъкидланди», — дейилади хабарда.

Шавкат Мирзиёев ўзаро манфаатли ҳамкорликни, энг аввало, камбағалликка қарши курашиш, қишлоқ хўжалиги ва саноат маҳсулотларини экспорт қилиш, инновацияларни жорий этиш, муқобил энергетика, булутли технологиялар, IT каби ва бошқа йўналишларда тубдан кенгайтириш учун имкониятлар мавжудлигини қайд этди.

Гуманитар, шу жумладан таълим ва соғлиқни сақлаш, вакциналар ишлаб чиқариш ва ихтисослаштирилган тиббиёт муассасаларини ташкил этиш борасидаги алмашинув дастурини илгари суришга муҳим эътибор қаратилди.

Стратегик минтақавий лойиҳаларни, энг аввало, «Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон» ва «Термиз — Мозори-Шариф — Кобул — Пешовар» темир йўллари лойиҳаларини тайёрлаш ва амалга оширишни жадаллаштириш билан боғлиқ масалалар алоҳида кўриб чиқилди.

Учрашувда Афғонистоннинг тинч тараққиёти ва иқтисодий тикланишига амалий кўмаклашиш борасидаги ўзаро саъй-ҳаракатлар қўллаб-қувватланди. Хитой делегацияси куни кеча шу масалаларга бағишлаб ўтказилган Тошкент конференциясининг самарали натижаларини юқори баҳолади.