Хотин-қизларни ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида 12 минг хотин-қиз уй-жой билан таъминланиши керак эди. Лекин 500 дан сал ортиқ аёл уй-жой билан таъминланган, холос. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Нарбаева «Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссияси мажлисида маълум қилди, дея хабар бермоқда ЎзА.

Сенат раиси ижтимоий ҳимояга муҳтож аёлларнинг ўн фоизи ҳам уй-жой билан таъминланмаганини танқид қилди.

«Президент қабул қилган ҳужжатнинг бажарилмаслигини қандай баҳолаш керак? Ҳужжатлар бажарилмаса, уларга ишонч қоладими? «Аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизларнинг уй-жойларни таъмирлашга кўмаклашиш назарда тутилган. Бу эса бир фоизга ҳам бажарилмаган», — деди у.

Танзила Нарбаева, шунингдек, хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни яхшиланиши учун президент белгилаб берган айрим ишлар бажарилмаётганини ҳам танқид остига олди.

Хусусан «Олима аёллар» тузилмаси ҳали ташкил этилмагани, давлат бошқаруви академиясида ҳар йили камида юз нафар хотин-қизлар учун алоҳида ўқув курси ташкил этилиши белгиланган бўлганига қарамасдан, бу ҳам амалда ҳали бажарилмагани, хотин-қизлар рўйхати ҳатто ҳали шакллантирилмаганини айтиб ўтди.

«Хотин-қизлар билан бевосита иш олиб борувчи қуйи бўғинлар иши қониқарли эмас. Қоралайман, қуйи бўғинлар ишларини», — деди Танзила Норбоева.

Шунингдек, у жойлардаги масъул тузилмалар топшириқларни бажариш ўрнига тадбирбозлик қилиб юргани,ёзнинг жазирама иссиқ кунларида 30 ёшдан ошган аёллар саёҳатларини ташкил этиш вазифаси ҳам қўйилгани, лекин бу ҳам амалда бажарилмаганини қайд этди.

Мажлисда айни пайтда Сенат қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси ҳузурида ишчи гуруҳ тузилгани айтилди. Унда белгиланган вазифаларга кўра, йил якунига қадар Давлат бошқаруви академиясида 100 нафар истиқболли хотин-қизлар раҳбарлик лавозимларига тайёрлаш мақсадида ўқитилади. 2022 йилнинг сентябрига қадар ҳар бир туманда камида биттадан хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш ва саломатлигини мустаҳкамлаш марказлари ташкил этилади.

Шунингдек, Комиссиянинг ҳудудларга бириктирилган аъзоларига ҳар ойда ҳолатни таҳлил қилиб бориш, Республика даражасида ҳал этиладиган муаммоларни тегишли вазирлик ва идора билан биргаликда ҳал этиш чораларини кўриш ҳамда натижалари бўйича Республика комиссиясига ахборот киритиб бориш топширилди.

Шу билан бирга, Комиссиянинг навбатдаги мажлисларида мутасадди вазирлик ва идоралар раҳбарлари, ҳудуд раҳбарлари ва Комиссия аъзолари ҳолат бўйича ахборотлари тингланади.