1928 йил 26 июлда Борис Павлович Грабовский раҳбарлигидаги тошкентлик бир гуруҳ олимлар тарихда илк бор ҳаракатланаётган трамвайнинг телефототасвирини экспериментал телевизион қурилмада намойиш этишган. Ўшандан бери бу сана ҳозирги телевидениенинг туғилган куни, унинг ватани эса Тошкент деб ҳисоблаб келинади.

Фото: Ўзбекистон МТРК архиви

1956 йил ноябрь ойида пойтахтда биринчи телевизион марказ ҳамда баландлиги 180 метр ва эфир радиуси 100 км ни ташкил этувчи телеминора қурилиши якунланди. «Телемарказ» лойиҳаси телевидениенинг асосий павильони, дикторлик ҳамда кинопроекцион студиялардан ташкил топган эди. Лойиҳа жорий йилда ўзининг 65 йиллигини нишонлаётган Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг (ЎзМТРК) пайдо бўлишига замин яратган.

«Газета.uz» мамлакатнинг биринчи «Ўзбекистон» телеканалида 30 йилдан ортиқ меҳнат қилган ходимлар билан суҳбатлашди ва телевидение ташкил этилганининг дастлабки йилларида у ерда қандай муҳит ҳукм сургани билан қизиқди.

Маҳфуза Ҳамидова, режиссёр. Иш тажрибаси — 30 йил

Мен телевидениега ишга 1956 йилнинг январь ойида келганман. Ўшанда бор-йўғи биттагина телеканал бор эди. Жамоа кичик, ҳамма бир-бирини яхши танирди. Таниқли муҳаррирлар Надежда Крикун, Махсума Саъдуллаева, Турсунбой Йўлдошев, Неля Теплекова менга устозлик қилишди. Дастлаб болалар таҳририятида тажрибали режиссёр Викторина Николаевна Райкованинг ёрдамчиси бўлиб иш бошладим, кейинчалик унинг шарофати билан мустақил равишда кўрсатувлар тайёрлашга ўтдим.

Менинг илк муаллифлик лойиҳам ўзбек тилида эфирга узатиладиган «Юлдузча» кўрсатуви бўлган. Кўрсатувнинг дастлабки версиясида қаҳрамонлар бобо ва унинг набиралари эди. Улар биргаликда топишмоқлар топишар, турли ҳикоялар айтишарди. Менинг назаримда, бундай шакл эскирган, уни ўйин шаклидаги янада қизиқарлироқ кўрсатувга айлантириш мумкин эди. Бундай имкониятни менга кўрсатув режиссёри Акмал Ҳайдаров тақдим этди.

Маҳфуза Ҳамидова (ўртада) ҳамкасблари билан. Режиссёрнинг шахсий архивидан

Сценарийга халқ эртаклари асос қилиб олинган. Янгиланган кўрсатувнинг бошловчиси сифатида Юлдуз образи учун жуда мос тушган Дилором Исмоиловани танладик. Қаҳрамонлар ролларини ижро этиш учун Ёш томошабинлар театри актёрларини таклиф этардик, мактаблар ва драматургия тўгаракларидан танлаб олинган ўқувчилар ўртасида кастинглар ўтказардик. Тасвирга олишда иштирок этганлик учун ҳақ тўланарди. Катталарга ҳам, болаларга ҳам почта орқали квитанция жўнатиларди.

Кўрсатувнинг илк меҳмони топишмоқларни жуда яхши кўрадиган Ялмоғиз кампир бўлган. Унинг топишмоқларига тўғри жавоб топиш ва жодугарни енгиш учун бошловчи ва иштирокчи болалар ёш томошабинларга мурожаат қилишга мажбур бўларди. Уларнинг илтимосига республиканинг барча ҳудудларидан болалар жавоб қайтаришарди. Бу яхши анъаналардан бирига айланди. Ҳар ой эфирдан кейин таҳририятимизга беш-етти қоп хатлар келарди. Бир дақиқа бўш қолдик дегунча, мен ва ҳамкасбларим биргаликда ўтириб, уларни ўқиб чиқардик ва энг яхшиларини ажратиб олардик. Танлаб олинган мактубларни бошловчи кўрсатув пайтида ўқиб, барча томошабинларга ёрдам учун миннатдорчилик билдирар эди. Шундай қилиб, биз болаларда энг яхши инсоний фазилатларни тарбиялашга ҳаракат қилардик. Уларни дўстлик, меҳр-оқибат ва бошқаларга ёрдам қўлини чўзишга ўргатардик. Болалар чизиб жўнатган расмларни махсус стендга осиб, декорация сифатида студияга ўрнатардик.

Маҳфуза Ҳамидова (ўнгда). Режиссёрнинг шахсий архивидан

Болаларнинг билим доирасини оширадиган, келажакда касб танлашга ёрдам берадиган кўрсатувлар ҳам тайёрланар эди. «Ёшлар ижодидан» дастурининг қаҳрамонлари турли тўгаракларга қатнайдиган болалар эди. Улар ўз ижодий ишларини студияга олиб келиб, уларнинг қандай яратилганини кўрсатиб ва гапириб беришар эди: табуретка ясашдан бошлаб, қўғирчоқларга либослар тикишгача. Дастур меҳмонларига қараб, кичик томошабинлар жуда кўп янги маълумотга эга бўлишар, ҳар хил фаолият турларига қизиқиб, ўзларини синаб кўришар эди.

«Светофор» кўрсатуви болаларга йўл ҳаракати қоидаларини ўргатарди. Кўрсатувни йўл ҳаракати хавфсизлиги ходими олиб борарди. Таҳририятга бўлган кўплаб қўнғироқлардан, мактаб ўқувчилари ва ҳатто бутун мактаблар ўртасида мусобақа тарзида ўтказилаётган кўрсатувларимиз туфайли болаларнинг йўл-транспорт ҳодисаларига дучор бўлиш ҳолатлари камайганлиги маълум бўлди.

Болаларнинг севимли кўрсатувларидан яна бири «Угадайка» (Топағон) бўлган. Бошловчимиз Олга Полевая учта театр қўғирчоқлари: шўҳ болакай Билмасвой, меҳрибон қизалоқ Юлдуз ва айиқча Рим-Тим-Ти билан биргаликда болаларга ўзини тутиш қоидалари тўғрисида ҳикоя қиларди. Айниқса, катталарга қулоқ солмайдиган, бошловчининг гапини бўладиган ёки кўрсатувга кечикиб келадиган шум-бола мисолида, у нима учун бундай қилмаслик кераклигини тушунтириб, болаларга одоб-ахлоқ қоидаларини ўргатарди.

Маҳфуза Ҳамидова. Режиссёрнинг шахсий архивидан

70-йилларнинг охирида биз янги телемарказга кўчиб ўтдик ва рангли телевидение даври кириб келди. Ранг бизга берган имкониятлардан ташқари, биринчи мобил телевизион станциялар (МТС) пайдо бўлди. Илгари биз фақат жонли эфирда ишлаган бўлсак, энди видеоёзувлар билан биргаликда монтаж ривожлана бошлади. Биз нафақат кадрларни бир-бирига қўшиб, кўрсатувни профессионал даражада тайёрлашни, балки махсус эффектларни ҳам ишлатишни ўргандик. Масалан, актёрларимизни кўк фондаги гилам устига ўтқизиб, вентиляторни ёқардик — ҳудди шамол эсиб тургандек. Рассомлар ва декораторлар устига айлана бўйлаб пахтадан ясалган булутлар ёпиштирилган барабанга ўхшаш айланувчи ускунани яратдилар. Биз актёрлар ва булутлар иштирокидаги саҳналарни суратга тушириб, монтаж хонасида шу икки кадрни бир бирига қўшиб, сеҳрли гиламда учаётган бола ва чол Хоттабичнинг тасвирини олардик.

90-йилларда телемарафонлар вақти етиб келди. 24 соат давомида тўхтовсиз жонли эфирда кўрсатувлар узатилар эди. Менга ҳам улардан бирида янги тайёрланган «Ниҳол» кўрсатуви билан иштирок этиш насиб этди. Жараён қийин ва қизиқарли эди. Ўша пайт Телемарказ биносида иккита катта студия жойлашган эди ва иккинчисида 24 соат давомида узлуксиз телемарафон давом этарди. Учинчи студияда эса мен, олдиндан билдирилган илтимосимга кўра, ўз кўрсатувимни тайёрлардим. Эфирга чиқиш вақти келганда, муҳандис баланд овозли алоқада: «Учинчи студия, тайёрмисизлар?» — деб сўрарди. Менинг мониторимда сигнал пайдо бўлар, ишорам бўйича администратор тугмачани босиб: «Учинчи студия тайёр!» — деб жавоб берарди. «Бошланг, сиз эфирдасиз!» жумласи билан биз кўрсатувни бошлардик.

Маҳфуза Ҳамидова (ўртада) ҳамкасблари билан. Режиссёрнинг шахсий архивидан

1996 йилда телевидение жамоаси мени тантанали равишда нафақага кузатди ва кўп вақт ўтмай таҳририятимиз ёпилгани ҳақида эшитдим. Янги каналлар очила бошлади. Телевидение бутунлай ўзгариб кетди. Гарчи мен барча ўзгаришлар яхшиликка деб ишонган бўлсам ҳам, қалбимнинг тубида чуқур қайғу ва афсус бор эди. Чунки мен яратган барча кўрсатувларим ўзим билан бирга кетганди.

Ҳозирги кунда шогирдларимнинг ижодини кузатаман, уларнинг кўрсатувларини томоша қилиб, юрагимда чинакам ифтихор сезаман. Уларга қараб, вақти-вақти билан ўйлаб қоламан: ёшлигим ортга қайтганида, қандай қизиқарли кўрсатувлар яратишим мумкин эди. Менимча, телевидениеда болалар учун таълим ва тарбиявий характерга эга кўрсатувлар етарли эмас. Алоҳида Bolajon телеканали очилган бўлса ҳам, унинг экран вақтининг кўп қисми кўнгилочар кўрсатувлар ва мултьфилмлар билан ўтади. Лекин болалар телевизор кўриш баробарида ниманидир ўрганишлари керак ахир.

Марат Асадуллаев, тележурналист. Иш тажрибаси — 40 йил

Менинг телевидениедаги фаолиятим 11 ёшимдан бошланган — режиссёр Акмал Хайдаровнинг болалар дастурларида қатнашганман. 1970 йилда, 3-курс талабаси бўлган вақтимда, яна студияга қайтдим ва ўша пайтдаги режиссёр Махсуд Юнусовнинг ёрдамчиси сифатида олти ойлик амалиёт ўтадим. Бўш иш жойлари бўлмаганлиги туфайли амалиётим бир йилга чўзилди. 1971 йилда расман ишга қабул қилиндим.

Уч йил давомида режиссёр ёрдамчиси бўлиб ишладим. Бу муддат телевидение оламини ўрганиш учун ҳақиқий мактаб вазифасини ўтади, ҳар бир кўрсатув эса мен учун байрамдек эди, гарчи даставвал менинг ишим учун ҳақ тўланмаган бўлишса ҳам. Пул ҳеч қачон мен учун асосий мақсад бўлмаган. Мен ҳафтада етти кун ишлаб, бутун кунимни тасвирга олиш майдончасида ўтказишим мумкин эди. Эсимда, амалиётим тугаганидан сўнг, устозим менга пул тўлай олиши учун, ҳар куни қўшимча рол ижро этганим ёки дубляжда қатнашганим ҳақида ариза ёзишни сўраган эди. Мен рози бўлмадим, лекин у барибир ўзи истаганидек қилди — шундай қилиб мен илк гонораримни олдим.

Марат Асатуллаев. Тележурналистнинг шахсий архивидан

Университетни тамомлагач, тележурналист касбини танладим. Кўрсатувлар учун сценарийлар ёзардим, режиссёрлик билан шуғулланардим. Хуллас, барча ишларни ўзим бажаришга ҳаракат қилардим, аммо катталар назорати остида, албатта. Вақти келиб менинг исмим титрларда чиқа бошлади. Кейинчалик мени муҳаррир сифатида адабий-драматургия бўлимига ўтказишди, бироз вақт ўтиб унинг бошлиғи этиб тайинлашди.

Таҳририятнинг адабий-драматургия бўлимида ҳар душанба кунлари турли спектакллар ижро этилар ва жонли эфирда кўрсатувлар бериб бориларди. Дастур камида бир ярим соат, баъзан икки ёки уч соат давом этарди. Хайбатулло Алиев, Махсуд Юнусов, Ҳамид Қахромонов, Махкам Муҳаммедов каби атоқли режиссёрлар раҳбарлигида антик, хорижий, рус ва ўзбек адабиёти асарлари саҳнада қўйиларди. Ўша пайтда телевидение олдида томошабинларни жаҳон адабиёти билан таништириш вазифаси турарди.

У пайтда барча ишлатиладиган телерадиоускуналар жуда эски эди. Хизматдан чиқарилган, аммо ҳали ишга яроқли бўлган техника бизга Марказий Москва телевидениясидан юбориларди. Видеоматериалларни таҳрирлаш учун ҳар сафар монтаж столларини тузатишга тўғри келарди. Техниканинг тез-тез ишдан чиқиши сабабли кўп вақт йўқотиларди. Бир соатлик кўрсатувни монтаж қилиш учун ўн соатлаб вақт сарфланиши мумкин эди.

Телевизион журналистик камералар (ТЖК) пайдо бўлиши билан соҳамизда анча ўзгаришлар сезила бошланди. Уч ёки тўртта камеранинг бир вақтнинг ўзида ишлаш имконияти туфайли режиссюра ривожлана бошлади. Улар ёрдамида монтаж қилса бўлар эди. Шундай қилиб телевидение оламига кино элементлари кириб келди. Муаллифлар энди ўз ғояларини видеоматериаллар орқали «тасвирлаш» имкониятига эга бўлдилар, бунгача биз барча саҳналарни қоғозга тушириб кейин бошқаларга намойиш қилардик.

Марат Асатуллаев (ўнгда). Тележурналистнинг шахсий архивидан

Мен 2011 йилгача телевидениеда иш олиб бордим. Шу вақт ичида «Ўзбекистон», «Ёшлар», «Тошкент» телеканалларида 2000 дан ортиқ маънавий-маърифий ва ижтимоий-сиёсий кўрсатувлар яратдим, ЎзМТРК бош муҳаррири лавозимида фаолият юритдим. 2002−2013 йилларда Ўзбекистон телевидениесининг олтин хазинасига киритилган тўртта сериалга продюсерлик қилдим.

Мен ҳар доим телевидение тарихини китоб саҳифаларига муҳрлаб, унинг ижодкорларининг номларини абадий сақлаб қолишни орзу қилганман. Бу орзуйимнм орадан 40 йил ўтиб рўёбга чиқардим. Ўтган йили «Телевидение назарияси ва амалиёти асослари» китобини нашр эттирдим. Буни ойнаи жаҳоннинг нариги томонидаги дунё ҳақида кўпроқ маълумот олишни хоҳлайдиганлар учун ҳақиқий энциклопедия деб аташ мумкин.

Марат Муслимов, телеоператор. Иш тажрибаси — 45 йил

Болалигимда дўстим Пўлат билан ҳовлида кино қўйишни яхши кўрардик. Оқ чойшабни тортиб, олдиндан қисқа мультфильмлар ёки ўқув видеолари ёзиб олинган қўл проекторимни розеткага улардик ва болалар йиғилишини кутардик. Кино оламига саёҳатни бошлаш учун беш-ўнта одам кифоя қиларди.

Пўлатнинг камераси бўларди, баъзан мен унга маҳалла ҳаётидан айрим лавҳаларни суратга олардим. Мени суратга олиш жараёни ва лаҳзани «тутиб олиш» имконияти қизиқтирар эди. Эҳтимол, мендаги оператор бўлиш ва атрофдаги воқеликни тасвирга тушириш орзуси ҳам айнан ўшанда туғилгандир.

Марат Муслимов. Телеоператорнинг шахсий архивидан

1966 йилда шу орзуимни рўёбга чиқариш мақсадида киностудияга бордим. Хроника бўлимига ишга киришга қарор қилдим, лекин устозим, машҳур кинооператор Феруз Алимов телевидениега боришни маслаҳат берди. У келажак айнан ўша ерда эканлигига ишонарди. Шундай қилиб, ЎзМТРКда операторлик маҳоратини ўргана бошладим.

Ўша пайтда телевидениеда ишлайдиган операторлар жамоаси икки гуруҳга бўлинар эди: кинооператорлар ва телеоператорлар. Мени иккинчи гуруҳга олишди. Жамоада 18 киши эдик. Иш жараёнида нафақат қўллар, балки телевизион ускуналар ҳам етишмасди. Телемарказга олиб келинган биринчи камераларни ҳам ишлатиб кўрганман. Бу тўртта объективли оқ-қора камералар бўлиб, объективлар иш жараёнида доимий равишда алмаштириб туриларди. Уларнинг ҳар бирининг оғирлиги тахминан 60 килограмни ташкил этарди. Камера ўрнатиладиган штативлар ҳам жуда оғир бўларди. Уларни жойидан қўзғатаётганда симларга тегиб кетмаслик ёки бирон-бир нарсани синдирмаслик учун имкон қадар эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилишимизга тўғри келарди. 70-йилларда эса ЎзМТРКга рангли камералар олиб келинди ва биз одатланган оқ-қора манзара ўрнини рангли ва янада жонли тасвир эгаллади.

Марат Муслимов (ўртада). Телеоператорнинг шахсий архивидан

80-йилларда елкада олиб юриладиган тележурналистлик камералар (ТЖК) пайдо бўлиши билан суратга олиш жараёнига ёлғиз бориш имконияти туғилди. Мен биринчи ТЖКни 1979 йилда қўлимга олдим. Бунга Тошкентда ўтказилаётган Людмила Зикинанинг концерти сабаб бўлди. Ундан бир-икки кун аввал бизга Марказий Қўмитадан қўнғироқ қилишди ва Шароф Рашидовнинг топшириғига кўра, мен ва ёрдамчиларим хонанданинг чиқишига иккита янги камера билан бордик. Августнинг жазирамасида 14 килограмлик камера, 30 килограмлик магнитофон ва 15 метрлик кабелни кўтариб, икки соатлик концертни суратга олдик. Мен қўшиқчини суратга олдим, қолган икки оператор эса диққатини томошабинларга қаратди. Кейин олинган кадрлар монтаж қилиниб, эфирга берилди.

Марат Муслимовнинг шахсий архивидан

Йиллар ўтиб, кўчма телевизион станция (КТС) тизимига кирадиган замонавий ҳаракатланувчи камералар ҳам бизгача етиб келди. Томга ёки текис майдонга махсус штатив ёрдамида маҳкамланган камера автоматик равишда кўтарилиб, туширилар эди. Шунинг учун телеускуналарни кўчиришда ҳеч қандай муаммо пайдо бўлмасди. Лекин унинг барча имкониятларини ўрганиш учун учта оператор, жумладан мен ҳам, бир ҳафтага Москвага амалиётга кетдик. Марказий телевидениеда малака ошириш курсини тамомлаб қайтдик. У ерда бизга асосий маълумотларни беришди, лекин бундай қисқа вақт ичида ҳамма нарсани эслаб қолиш қийин бўлгани учун биз кўп қурилмаларни мустақил равишда ўзлаштиришимизга тўғри келди.

Янги телемарказ қуриб битказилгач, янги телевизион ускуналар ҳам олиб келинди. Йиллар ўтган сайин телевидениеди техника ривожланиб борар эди. Иш фаолиятим давомида мен ихтиёримизда мавжуд бўлган барча камераларда суратга олишга муваффақ бўлдим.

Марат Муслимов шогирдлари билан (ўртада). Телеоператорнинг шахсий архивидан

1985 йилда мен ЎзМТРКнинг бош операторига этиб тайинландим ва 21 йил шу лавозимда қолдим. У пайтда телевидениеда 150 та оператор меҳнат қиларди. Уларнинг кўпчилиги келардию маоши кам бўлгани учун кетиб қоларди. Лекин биз ўз ишимизни яхши кўрардик, шогирдлар тайёрлардик. Уларнинг қанчадан-қанча ишлари менинг қўлимдан ўтди! Ҳозиргача улар менга кўрсатувларини кўриш ва баҳо бериш илтимоси билан қўнғироқ қилишади.

Телевидение — бу менинг ҳаётим. Гарчи биз саҳна ортида бўлсак ҳам, операторларни доимо танишарди. Менинг исмимни эса бутун республика биларди. 45 йиллик фаолиятим давомида ўзбек киносининг барча афсоналари: Шукур Бурхоновдан тортиб Тамарахонимгача суратга олишга муваффақ бўлдим. Европа, Туркия, Россия каби давлатларга саёҳат қилдим. 1989 йилда биринчи ўзбекистонлик оператор сифатида Африкага ташриф буюрдим. 1991 йилда эса биринчи президент Ислом Каримовнинг Ҳиндистонга ташрифини тасвирга туширдим. Камера объективида мен бутун дунёни кўрдим.

Раъно Жўраева, суҳандон-бошловчи. Иш тажрибаси — 46 йил

Телевидениеда 1976 йилдан бери ишлаб келаман. Ўша пайтдаги «Ахборот» дастурининг режиссёри Валерий Твердохлебов томонидан ўтказилган суҳандонлар танловида иштирок этиш учун келганимда 29 ёшда эдим. Бошловчиларни бутун республика танигани учун иштирок этишни ҳоҳлаганлар кўп бўлган. Таниқли суҳандонлар қаторида Галина Мельникова, Ольга Полевая, Лариса Ершова, Даврон Зуннунов, Насиба Махсудова, Насиба Ибрагимова, Насиба Қамбарова, шунингдек, катта суҳандонимиз Ўктам Жобиров ҳам бор эди.

Раъно Жўраева. Суҳандоннинг шахсий архивидан

Ўша йили илк бор телевидениеда дастурларни ўзбек ва рус тилларида чиқаришга қарор қилишди. Уларга икки тилни яҳши биладиган суҳандон керак эди. Мен бу талабларга жавоб берган ҳолда, танловнинг учта босқичидан биринчи бўлиб муваффақиятли ўтдим.

Биринчи бор эфирга 15 май — туғилган кунимда чиқдим. «Ахборот» дастурини эълон қилдим.

Шундан сўнг тўрт йил давомида оқ-қора экранда кўрсатувларни олиб бордим. Ҳар бир суҳандоннинг ўз иш жадвали бўлар эди. Ёш бошловчи сифатида, мени кўпинча кечқурунга қўйишарди. Чунки айнан ўша пайтда ҳамма ишдан қайтар, оила дастурхон атрофига ўтирар ва телевизор ёқилар эди. Барча ёшдаги томошабинлар бошловчини кўриш ва тинглашдан мамнун бўлишлари керак эди. Биз узоқ вақт ишлашга, баъзан эса кечаси 10−12 гача қолишга мажбур бўлардик.

Раъно Жўраева (ўртада) ҳамкасблари билан. Суҳандоннинг шахсий архивидан

Кўрсатувларни икки тилда олиб боришни бошлаганимда, ишимда қийинчиликлар пайдо бўлди. Ўзбек тилидаги катта матнларни ўқиш мен учун қийинчилик туғдирарди. Лекин мен таслим бўлмасликка қарор қилдим. Ҳар сафар уйга кетаётганимда ўн варақ босма матнни ўзим билан олардим, уни осон ва хатосиз талаффуз қилиш учун қайта-қайта ўқирдим ва ёд олардим. Вақт ўтиши билан тил билан боғлиқ тўсиқлар барҳам топди.

Яна бир мураккаблик тезкор хабарларни эфирга узатувчи «Ахборот» каби янгиликлар дастурларини олиб бориш эди. Одатда, ҳар бир дастур эфирга чиқишидан олдин бизга янгиликлар рўйхати берилар эди. Баъзан улар бизга босма шаклда тўғридан-тўғри эфир пайтида олиб келинар эди. Иккинчи бошловчи ўз қисмини эълон қилгунча, мен ҳозиргина олиб келинган ва илк бор кўриб турган матним билан танишишга улгуришим, кейин эса уни бошидан охиригача ёддан билгандек айтиб беришим зарур эди. Ушбу тажриба туфайли суҳандонлар жуда яхши визуал хотирага эга.

Раъно Жўраева (ўртада). Суҳандоннинг шахсий архивидан

Суҳандонларни жонли эфир тарбиялади. Биз ёзиб олишларсиз ва монтажсиз жонли эфирда бошловчилик қилардик. Экранда кўриниш берган ҳар бир сониямда мени минглаб томошабинлар кузатар эди. Хато қилишга ҳаққимиз йўқ эди, чунки одамлар бизни кўриб, тинглаб, ишониб, яқинларидек қабул қилишар эди. Экранда ўйин ва ёлғонга ўрин бўлмасди. Ҳаммаси чин дилдан эди. Биз телевидение билан яшардик, телевидение эса биз билан тирик эди.

Мен, эслашимча, бутун умрим давомида ишлаганман. Нафақага чиққан бўлсам ҳам, ўзим ёқтирган иш билан шуғулланишда давом этаман. Мени давлат ва хусусий каналларда турли кўрсатувларга таклиф қилишади. Телевидение сабаб мен ўзимни топдим. Ушбу жой мен учун доимо — одамлар ижод қиладиган жой бўлиб қолади.