«Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамияти 2024 йилгача режалаштирилган акцияларни оммавий жойлаштиришни молиявий бозорлардаги вазият барқарорлашган вақтга кўчириши мумкин, деб хабар берди компания матбуот хизмати.

23 июль куни «Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамияти раҳбарияти ва Rothschild & Cie инвестиция компанияси IPO`га тайёргарлик жараёнини муҳокама қилди.

«Капитал бозорларининг ҳозирги ўзгарувчанлигини ҳисобга олиб, маслаҳатчилар асосий эътиборни тайёргарлик жараёнига қаратишни ва молия бозорларидаги вазият барқарорлашгандан кейин IPO`га чиқиш режаларини қайта кўриб чиқиш зарурлигини тавсия этишди», — дейилади хабарда.

Томонлар 2022 йил охиригача «Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамиятининг дастлабки ва ижобий фикрни шакллантириш учун потенциал тўғридан-тўғри инвесторлар билан учрашув ташкил этиш имкониятини ҳам кўриб чиқишди.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йил июль ойида Шавкат Мирзиёев тегишли идораларга 2024 йилгача «Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамиятинининг халқаро бозорларда IPO`сини ташкил этиш бўйича топшириқ берган эди. Бунда жамият устав капиталидаги камида 51 фоиз улуш давлатда қолади. Кейинроқ президент IPO`га тайёргарликни 2022 йил охиригача якунлаш бўйича топшириқ берди.