Мушфиқ Козимий (1904−1978, айрим манбаларга кўра 1887 йил туғилган) Эрон замонавий адабиётининг асосчиларидан бири, ундаги илк ижтимоий-реалистик роман муаллифи ҳисобланади. 1922 йилда ёзиб тугалланган ҳамда 1924 йилда илк бор икки томли китоб ҳолида нашр эттирилган «Қўрқинчли Теҳрон» 1920 йилларнинг Эрон адабиётини бутунлай янги ўзанга буриб юборган асарлар сирасига киради.

Бугун биз, бундан роппа-роса 100 йил илгари яратилганлигига қарамай, сиздирилган ғоялари ҳалигача ўз аҳамиятини йўқотмаган ана шу ўлмас асарга мурожаат қилишни лозим топдик.

«Қўрқинчли Теҳрон» асари Эроннинг ХХ аср бошларидаги қўрқинчли, аянчли тарихи ҳақида сўзлайди. Асарда ҳамма нарса: мамлакатдаги (хусусан, Теҳрондаги) ижтимоий-сиёсий вазият, миллий озодлик ҳаракатлари, сиёсий зиддиятлар-у ижтимоий турмушдаги тенгсизлик ва қарама-қаршиликлар, диний мутаассиблик ва, албатта, (бизга таниш) севги-муҳаббат можаролари қуюқ бўёқларда акс эттирилган.

Асарда, айниқса, жамиятдаги аёлларга бўлган муносабат, зулм ва жинсий зўравонлик масалалари, шаҳарда авж олган қўшмачилик, аёллар орасидаги ахлоқсизлик ва бузуқлик, уларнинг асл келиб чиқиш сабаблари (эҳтимол, энг биринчилардан бўлиб) қаламга олинганлиги кенг, қизғин муҳокамаларга сабаб бўлган.

Асар воқеалари бўлиб ўтган 1916−1921 йилларда Эрон ҳукумати Англия ва Россия таъсири остида, ярим мустамлака ҳолатида эди. Жоҳил амалдорлар ўз ҳузур-ҳаловатидан бошқа нарсанинг ташвишини қилмас, халқнинг туриш-турмуши, мамлакатнинг тақдири билан қизиқмас эдилар. Бу ҳам етмагандек, мамлакатда «дин пешволари» ўзларининг диндан бутунлай йироқ бўлган мутаассиб қарашларини нафақат авомга, балки давлат хизматчиларига ҳам сингдириб, зарур пайтда шахсий манфаатлари йўлида динни қурол қилиб, жамият манфаатларини қурбон қилишдан тап тортмасдилар.

Бир сўз билан айтганда, давлат хазинасидан тортиб оддий деҳқоннинг топган-тутганигача — мамлакатнинг миллий бойлиги — ташқаридан келган ва маҳаллий ўғриларнинг чўнтакларини қаппайтириш-у уларнинг айш-ишратидан бошқа нарсага хизмат қилмасди.

Оқибатда, на қонунга, на Қуръонга амал қилинмайдиган бу жамиятда жаҳолат ботқоғига борлигича ботиб бўлган ғофилларни у ботқоқдан қутқаришнинг ҳам, ғафлат уйқусидан уйғотишнинг ҳам имкони қолмади.

Табиатда жониворлар бир-бири билан озиқланиб — каттаси кичигини, кучлиси кучсизини еб кун кечиради. Унинг мувозанати шунда. Дунёда шундай катта, кучли ва бир қадар «ақлли» давлатлар борки, улар ҳам ўзларидан кичик ёки кучсиз бўлган давлатларни «ейиш» ҳисобига мувозанат ўрнатмоқчи бўлишади. Қайсидир давлатлар ё ноиложликдан, ё кучсизликдан, ё нодонликдан, ё ўз табиий бойликлари ҳисобини билмаганликларидан жиловларини кучлилар қўлига ўз қўллари билан топширишлари ҳеч кимга сир эмас. Эрон ҳам шундай давлатлар таъсирига тушади — бунинг зарарини эса халқ кўрди.

Жамиятда манфаатлар бир бўлмаса, ҳамма ўз томонига тортиб, тараққиёт деган нарсани илдизи билан қўпориб ташлаши мумкин.

Амалдорларнинг вазифаси нима? Мамлакатнинг тараққиётига, халқнинг манфаатига хизмат қилиш, оғирини енгил қилиш, жамиятни дардига шифо топиш эмасми?! На ақли, на жисми, на руҳи, на фикри, на эътиқоди соғлом бўлмаган одамлар ҳеч қачон бошқаларнинг дардига малҳам қўёлмайди.

Асарда Фаррух, Маҳин, Иффат, Ашрафхон, Сиёвуш, Жавод ҳамда Маҳиннинг ота-онаси образлари алоҳида ўрин тутади.

Фаррух ва Маҳин образлари оташин муҳаббатдан ташқари мамлакатдаги бўғилган маърифатга ишора ҳам.

Жамиятда аёлнинг ўрни (ёки ўринсизлиги), ҳақ-ҳуқуқи (ёки унга нисбатан ҳақсизликлар) ва аёлга бўлган муносабат (агар шундай аташ мумкин бўлса) Иффат образида яққол намоён бўлади.

Ашрафхон ва Сиёвуш образлари айни даврда уларнинг ёшидаги авлод вакилларининг салбий маънодаги юзи — мансаб, давлат, ишрат йўлида орияти, ҳасми-ҳалолини ҳам пуллайдиган пасткаш, жирканч кимсалар.

Жавод — Теҳроннинг жанубий қисмида яшовчи, очлик ва муҳтожликдан, чорасизликдан бир нон пули учун жиноятга ҳам тайёр эзилган халқ вакили.

Маҳиннинг отаси — ўз обрў-эътибори учун қизини бозорга солишдан ор қилмайдиган ота(лар) қиёфасида.

Маҳиннинг онаси… (оналар ҳақида ёзгим йўқ).

Асарда инсоннинг нафси йўлида ҳайвондан баттар қиёфага кириши, ғофиллиги, илмсизлиги, ўз ҳақ-ҳуқуқини билмаслиги, фикрсизлиги орқасидан қай даражада ботқоққа ботиши, таназзулга юз тутиши мумкинлиги жудаям кескир тилда ёзилган. Асар тарихий фактлар ва ҳодисалар асосига қурилгани ҳолда бадиий тўқималардан ўз ўрнида фойдаланилган. Фақат бўёқлар қуюқлашиб, муболаға меъёрдан ошгандек; баъзи ўринларда муаллиф тилидан худди эртак эшитаётгандек бўласиз, айниқса, асарнинг биринчи қисмида зодагонлар суҳбатлари («Алҳамдулиллоҳки, барчамиз саводсизмиз», Маҳиннинг отаси тилидан).

Асар услуби ва мазмуни жиҳатидан Абдулла Қодирий ва Холид Ҳусайний асарларига уйғунлик сезиш мумкин. Турли даврларда яшаган бу ижодкорларнинг ҳар қайсиси маърифатдан йироқ миллатининг қайғуси билан яшайди.

Дарҳақиқат, мамлакат раҳбари кимларнингдир қўлида қўғирчоқ бўлар экан, амалдорлар халқ манфаати йўлида бирлашмас экан, ҳукуматнинг сўзи билан иши бир бўлмас экан, диндан турли мақсадларда қурол сифатида фойдаланилар экан, илм-фан йўлидаги тўсиқлар олинмас экан, бундай мамлакат эрксизликка, қолоқликка маҳкум. Инсон омили «сифатига» сармоядан қочган давлат ҳар қандай миқдор ва сифат кўрсаткичларида бошқалардан орқада қолаверади.

Муқаддамхон Саидрасулова — иқтисодчи, «Газета.uz» колумнисти.