Aфғонистон муваққат ҳукумати AҚШни афғон активларини қайтаришга чақирмоқда. Бу ҳақда 26 июль куни Тошкентда бўлиб ўтган халқаро анжуманда Афғонистон ташқи ишлар вазири в. б. Амирхон Муттақий маълум қилди, деб хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Унинг сўзларига кўра, 11 ой ичида «Толибон» Aфғонистон ичида хавфсизликни таъминлай олди ва аҳолига асосий хизматлар кўрсатувчи барча давлат идоралари ҳамда давлат хизматчиларининг иш самарадорлигини сақлаб қолди.

«Биз коррупция даражасини қарийб нол даражага туширдик. Барча сиёсий ва ҳарбий жиноятчиларга амнистия эълон қилдик. Афғонистон тарихида биринчи марта толерантлик сиёсати эълон қилинди. Ҳеч ким ўз сиёсий мафкураси сабабли ишдан бўшатилмади. Бизда ҳозир Мудофаа ва Ички ишлар вазирликлари жуда яхши ишламоқда. Уларга кўплаб ёшларни жалб қилдик», — деди у.

Амирхон Муттақий «Толибон» ушбу тузилмалардан халққа ёки қўшниларга қарши фойдаланмаганини ҳам таъкидлади.

«Бир томондан йигирма йиллик уруш, иккинчи томондан АҚШнинг иқтисодий санкциялари мамлакатни қашшоқликка олиб келди. Бундан оддий одамлар азият чекмоқда. Барча бу муаммоларга қарамай, мамлакат уддалашга муваффақ бўлди. Барча давлат хизматлари кўрсатилмоқда. Орадан анча вақт ўтиб, хусусий ва давлат университетларини очдик. Барча мактаблар очиқ, уларда 10 миллион ўқувчи бор», — деди у.

Афғонистон Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари в.б.нинг айтишича, хотин-қизлар шарт-шароит бўлган жойларда, шароит бўлмаган жойда эса уйдан туриб ишлашмоқда. «Биз уларга шароит яратмагунимизча, уйдан ишлашлари учун пул тўлаймиз», деди у.

Амирхон Муттақий «Толибон» Афғонистонда барқарорлик ва тинчлик ўрнатилиши тарафдори экани, чунки бу унинг иқтисодий ривожланишига ҳисса қўшишини таъкидлади.

«Бизнинг сиёсатимиз ҳозирда иқтисодий ривожланишга қаратилган ва Афғонистон минтақалар ўртасидаги ҳамкорлик марказига айланиши керак. Афғонистон Жанубий ва Марказий Осиёни боғлайдиган энг қисқа ва арзон йўлни таъминлайди», — деди муваққат ҳукумат вакили.

У «Толибон» ҳеч кимга Афғонистон ҳудудидан бошқа давлатларга таҳдид қилиш учун фойдаланишига йўл қўймаслик масъулиятини ўз зиммасига олганини эслатиб ўтди.

«Биз уддаладик. Афғонистондаги хавфсизлик ҳам минтақа, ҳам жаҳон ҳамжамиятидаги хавфсизлик билан боғлиқ. Биз барча ваъдаларни бажармоқдамиз ва Қўшма Штатлар ҳам келишувдаги барча ваъдаларни бажаришини хоҳлаймиз», — деди у.

Амирхон Муттақий Афғонистон дунёнинг барча давлатлари билан муносабатларни ўзаро ҳурмат ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик асосида йўлга қўйишга тайёрлигини билдирди.

«Биз АҚШни Афғонистоннинг барча активларини ҳеч қандай сўзсиз ва ҳеч қандай шартларсиз қайтариб беришга чақирамиз. Бу афғон халқининг ҳаёти ва тараққиётига жуда ижобий таъсир қилади… Афғонистон географик жиҳатдан стратегик қулай жойда жойлашган, табиий ресурсларнинг улкан захираларига ва жуда арзон ишчи кучига эга. Биз барчани Афғонистонга минтақада хавфсизлик ва барқарорликка хизмат қиладиган сармоялар киритишга чақирамиз», — деди ТИВ раҳбари.

У, шунингдек, ҳозир Афғонистон «бир давлат, бир мамлакат, бир ҳокимият» сифатида фаолият юритаётганини таъкидлади.

«Афғонистонда ИШИД йўқ қилинди. Ҳозир эса биз билан собиқ тузумнинг 500 минг турли ишчилари ишламоқда. Кетганлар уйларига қайтишмоқда. Барча афғонлар эркин саёҳат қилишлари мумкин», — деди Амирхон Муттақий.

У банк соҳасида муаммолар мавжудлигини тан олди, бироқ улар яқин келажакда ҳал этилишини кутмоқда.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири в.б. Владимир Норов Афғонистоннинг хориждаги молиявий активларига қўйилган чекловларни олиб ташлаш мамлакатдаги ижтимоий муаммоларни ҳал этишнинг асосий омилларидан бири эканлигини таъкидлаган эди.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг 11 сентябрида ўтган ШҲТ саммитида президент Шавкат Мирзиёев Афғонистондаги гуманитар вазиятни ҳисобга олган ҳолда хориж банкларидаги афғон активларини қайтаришни таклиф қилган эди. Гап август ўртасида «Толибон» қўлига тушмаслиги учун АҚШ томонидан музлатилган Афғонистон Марказий банкининг миллиардлаб долларлари ҳақида кетмоқда