Президент 25 июль куни маҳаллаларда саноат, ҳунармандчилик, касаначилик ва чорвачилик микромарказларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги [331-сонли] қарорга имзо чекди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.

Қарор билан жами 421 та маҳаллада юридик шахс мақомига эга саноат, ҳунармандчилик, касаначилик ва чорвачилик микромарказлар ташкил этилади.

Бунда микромарказ ташкил қилиши учун тадбиркорларга ўз маблағлари ҳисобидан ерни реконструкция қилиши ёки капитал таъмирлаш ёхуд ер участкасида бино-иншоотларни қуриши эвазига давлат мулки объектлари 5 йил муддатга ижарага берилади.

Ҳудудда саноат, ҳунармандчилик, касаначилик фаолият йўналишлари бўйича камида 10 та ёки чорвачилик йўналиши бўйича камида 3 та иш ўрнини яратиш ва таъминлаб бориш керак бўлади.

Микромарказлар фойдаланишга топширилган кундан 3 йил муддатга ташкил этилган микромарказлар объектлари ва улар жойлашган ер участкалари бўйича юридик шахслардан олинадиган ер солиғи ва мол-мулк солиғи учун солиқ ставкаси 50 фоиз миқдорида қўлланилади.