Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази мактабларда якуний давлат аттестациясини ўтказиш ва олий таълим муассасаларига қабул қилиш тартибини ўзгартириш тўғрисидаги президент қарори лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига тақдим этди.

Ҳужжат олий ўқув юртларига мактабларнинг якуний тест синовлари натижаларига кўра, қўшимча имтиҳонларсиз қабул қилиш тизимини жорий этишни назарда тутади.

Ҳозирда умумтаълим фанлари бўйича якуний давлат аттестациясини мактаб, лицей ва касб-ҳунар коллежларининг ўзлари ўтказмоқда.

Лойиҳага кўра, 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб якуний давлат аттестацияси Давлат тест маркази томонидан амалга оширилади. Бунда таълим ташкилотларининг санъат, маданият, спорт ва бошқа алоҳида иқтидор талаб этиладиган йўналишлар бўйича битирувчиларини якуний давлат аттестациясидан ўтказиш тартиби сақлаб қолинади.

Аттестацияда учта мажбурий фан — она тили (ўзбек, рус, қорақалпоқ ва бошқа тиллар), математика ва Ўзбекистон тарихи, шунингдек, ОТМ таълим йўналишларига мос бўлган иккитадан тўрттагача умумтаълим фанлардан тест синови топширилади.

Тест синови натижалари бўйича битирувчиларга уч йил муддатга амал қиладиган электрон миллий сертификат бериш режалаштирилган. Мажбурий фанлар бўйича тест синови натижалари шаходатнома ёки дипломга қайд этилади.

Ўқув йили давомида таълим дастурларини тўлиқ ўзлаштирган ва ўқув фанларидан қониқарли баҳо олган битирувчиларга тест синови топширишга рухсат берилади.

Халқ таълими вазирлиги томонидан битирувчилар шаҳодатнома олишлари учун тест синови натижаси бўйича мажбурий фанлардан тўпланиши лозим бўлган минимал балл белгиланади. Минимал балл ва ундан юқори балл тўплаган битирувчилар якуний давлат аттестациясидан ўтган ҳисобланади.

Тест синовлари ҳар йили июнь — июль ойларида қоғоз (ёки электрон) шаклда ўтказилиши режалаштирилган. Имтиҳонлар Давлат комиссияси томонидан белгиланадиган катта сиғимли биноларда ўтказилиши кутилмоқда.

Мажбурий фандан минимал балл тўплай олмаган ёки узрли сабабга кўра (касаллиги, оила аъзоларининг вафот этганлигини, халқаро спорт мусобақаларида, олимпиада ва кўрик танловларда иштирок этаётганлиги) тест синовида қатнаша олмаган битирувчиларга якуний давлат аттестацияси тўлиқ якунланганидан икки ҳафта ўтгач ушбу фанлардан қайта тест синовини топшириш имкони берилади.

Агар битирувчилар қайта тест синови натижалари бўйича етарли балл тўплай олмаган бўлса, улар олий таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилиш танловида иштирок эта олмайди. Ҳужжат лойиҳасига кўра, уларга таълим ташкилотлари томонидан тегишли маълумотнома берилади. Улар кейинги йил ягона интерактив хизматлар портали ёки Давлат хизматлари марказлари орқали якуний давлат аттестациясини қайта топширишлари мумкин бўлади.

Битирувчилар олий таълим ташкилотларига мажбурий ҳамда мутахассислик фанларидан тест синови натижалари асосида ўқишга қабул қилиниши режалаштирилган.

Лойиҳада қайд этилишича, мазкур тартиб хорижий фуқаролар ва президент мактаблари битирувчиларига нисбатан татбиқ этилмайди.

Аввалги йилларда таълим ташкилотларини тамомлаган абитуриентлар учун 2023 йил 1 ноябрдан бошлаб давлат олий таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилишнинг янги тартиби жорий этилади.

Давлат тест маркази томонидан абитуриентлар учта мажбурий фан — она тили (ўзбек, рус, қорақалпоқ ва бошқа тиллар), математика ва Ўзбекистон тарихи фанлари ҳамда иккита бакалавриат таълим йўналишларига мос умутаълим фанлари бўйича тест синовидан ўтишади. Шу билан бирга, тест синовлари ДТМ томонидан белгиланган муддатларда ҳар йили камида уч маротаба ўтказилади. Абитуриентларга мутахассислик фанларини мустақил танлаш имконияти берилади.

Бундан ташқари, абитуриентларга йил давомида умумтаълим фанлардан тўлов асосида (мажбурий фанлар учун — БҲМнинг 0,3 баравари, мутахассислик фанлар бўйича — БҲМнинг 0,25 баравари миқдорида) сертификат олиш учун бир неча маротаба тест синови топшириш ҳуқуқи берилади.

Сертификат олиш бўйича «темир», «ёшлар», «аёллар» дафтарларидан бирига киритилган, ногиронлиги (I ва II гуруҳ) бўлган шахслар ва давлат қарамоғида бўлган чин етимларга навбатдан ташқари йилига бир маротаба тўловсиз тест синовида қатнашишлари мумкин бўлади.

Лойиҳа ишлаб чиқувчиларининг таъкидлашича, янги тизим якуний давлат аттестацияси ва олий ўқув юртларига кириш имтиҳонларини бирлаштириш орқали мактаб аттестациясидаги баҳоларнинг тўғрилигини таъминлайди, шунингдек, икки марта имтиҳон топширишни бекор қилиш орқали бюджет маблағларини тежайди.

Лойиҳа муҳокамаси 9 августга қадар давом этади.

Ўзбекистонда илк бор Россия Ягона давлат имтиҳонининг аналогини жорий этиш режалаштирилаётгани ҳақида 2020 йил апрель ойида хабар берилган эди.