Ўзбекистонда вабо касаллиги аниқлангани ҳақидаги хабарлар ёлғон. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари Нурмат Отабеков айтиб ўтди.

Таъкидланишича, сўнгги пайтларда айрим ОАВларда вабо Афғонистонда касаллик қайд этилгани, унинг Ўзбекистонга кириб келиш эҳтимоли борлиги, қолаверса, аллақачон мамлакатда вабо қўзғатувчиси аниқлангани ҳақида хабарлар тарқалмоқда.

«Аслини олганда бугунги кунга қадар Ўзбекистон шароитида бирорта ҳам вабо касаллигига чалинган бемор аниқланган эмас. Биз Санитария эпидимиология хизмати мунтазам равишда очиқ сув ҳавзалари ва „водопровод“ сувларидан наъмуна оламиз ҳамда вабо касаллигига текшириб кўрамиз», — деди Нурмат Отабеков.

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати шунингдек, мазкур касалликка оид маълумотлар, жумладан, вабо турлари, унинг юқиш йўллари, унга қарши кўриладиган чоралар ва даволаш усулларини ҳам эълон қилди.

Вабо ҳақида

Унга кўра, Вабо (cholera) — ингичка ичакнинг зарарланиши, интоксикация, умумий аҳволнинг оғирлашуви ва организмнинг сувсизланиши билан давом этадиган ўткир инфекцион ўта хавфли ичак касалликларидан бири. Вабо микроби (вибрион деб аталади) классик Вабо вибриони ва Эль-Тор вибриони деб аталадиган икки турга ажратилади.

Вабо вибриони дарё сувида 18 кундан 5 ойгача, музда бир неча ой, ариқларда бир неча кун, денгиз сувида икки ҳафта, совуқ вақтда нажасда бир неча ой, ахлат чуқурларида 3 ойгача, ички кийимларда 2 ой, қум-тупроқда бир неча ой, сув ҳавзаларида 15−30 кун, сут ва ёғда бир ойгача, картошкада 2 ҳафтагача, ҳўл мевада бир неча кунгача тирик қолиши мумкин.

Дезинфекцияловчи моддалар вибрионни тез ўлдиради. Сув қайнатилганда ҳам вибрион тез ўлади.

Касаллик қандай йўллар билан юқади?

Вабо вибриони беморнинг ахлати, қусуғи, баъзан пешоби билан ташқарига чиқади. Вибрионлар тушган сув ва озиқ-овқатни истеъмол қилиш натижасида мазкур касаллик юқиши мумкин.

Меъда шираси вибрионларни ўлдиради, аммо сув кўп ичилганда ёки меъда шираси камроқ бўлганда вибрионлар меъдадан ингичка ичакка ўтиб, кўпаяди. Вибрионларни пашша ҳам тарқатади. Улар вибрионларни қорнига ва оёкларига илаштириб олиб, озиқ-овқатга ва ичимлик сувига юқтириши мумкин.

Вабо ювуқсиз қўл, кир кийимбош ва гигиена воситалари орқали ҳам юқиши мумкин. Вабо вибрионлари тушган сувни истеъмол қилиш натижасида келиб чиққан вабо эпидемиялари қисқа вақтда кўп аҳолини зарарлаши мумкин.

Классик вабо оғир утиб, бемор ётиб қолади, касаллик белгилари (тез-тез ич кетиши, қусиш, шунинг натижасида организмнинг сувсизланиши, шунингдек тана ҳарорати пасайиши, мускулларнинг тиришиши ва интоксикациянинг бошқа белгилари, юрак уришининг сусайиши кузатилади) аниқ кўринади, шунга кўра касаллик Вабо бошланиши биланоқ тезда аниқланади.

Эль-Тор вабоси эса аксарият ҳолларда енгил ўтади. Вабо белгилари бўлмагани ҳолда соғлом вибрион ташувчилар кўп учрайди, шу боис Эль-Тор вабосини аниқлаш классик вабони аниқлашга нисбатан қийинроқ кечади. Шунинг учун Эль-Тор вабо сининг бир мамлакатдан иккинчи мамлакатга ўтиш ва кенг тарқалиш имкониятлари катта.

Эль-Тор вабоси асосан шу йул билан тарқалади (айниқса қишлоқ жойларда). Вабонинг типик (альгид) формаси 2−3, баъзан 5 кунлик инкубацион даврдан кейин ўзига хос белгилар билан бошланади: ич тез-тез ва кўп келади, бемор қусади, тана ҳарорати пасаяди (35−34° гача), мускуллари тиришади, юрак уриши сусаяди.

Организм сувсизлангани учун беморнинг кўзлари киртаяди, бадани кўкаради, териси буришиб қолади, ёпишқоқ тер босади. Бемор шу аҳволда бир неча кун ётгач ич кетиши ва қусиш босилиб, соғая бошлайди.

Касалликка қарши курашиш

Вабо профилактикасида ифлосланган оқава сувларни мунтазам равишда зарарсизлантириш, озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи корхоналарда санитария-гигиена қоида ва талабларига қатъий равишда амал қилишнинг аҳамияти катта.

Вабо вибриони чидамсиз бўлгани учун тоза ва сифатли ичимлик сувидан фойдаланиш ёки масаллиқларни обдон пишириб, уларни вабо вибрионларидан халос қилиш мумкин. Беморга яқин юрган кишилар 5 кунлик карантинга олинади ва тиббий кўрикдан ўтказилади. Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг тавсиясига кўра, ҳозир вабо касаллиги ўчоғида карантин қўлланилмайди.

Шунингдек, ишлаб чиқарувчиси аниқ бўлган ва кафолатланган озиқ-овқат маҳсулотларини исъемол қилиш, ифлосланган очиқ сув ҳавзаларида чўмилмаслик асосий тадбирлар саналади.