23 июль куни Ўзбекистон президенти «Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети фаолиятини тизимли ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги [ПҚ-330-сон] қарорни имзолади, деб хабар берди Адлия вазирлиги.

Унга кўра, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети 2022/2023 ўқув йилидан «Смарт университет» концепцияси асосида трансформация қилинади. Университетда академик фаолият илмий-таҳлилий йўналтирилганлик ва академик яхлитлик таълим технологиялари ҳамда уларни таъминловчи дастурий-аппарат комплекси асосида, шу жумладан антиплагиат тизими бўйича ташкил этилади.

Бундан ташқари, ҳар йили университетнинг камида 10 нафар профессор-ўқитувчилари, докторантлари ва магистрантлари хорижий давлатларнинг етакчи таълим муассасаларига илмий стажировка ва малака ошириш учун юборилади.

2025 йил 1 январгача университет журналини Scopus халқаро илмий-техник маълумотлар базасига киритиш чоралари кўрилади. Университетга профессор-ўқитувчиларига илмий унвонларни бериш ҳамда уларни ишга қабул қилишда академик мустақиллик негизида берилган илмий унвонлар ва илмий даражаларни тан олиш ваколати берилади.

Шунингдек, 2022/2023 ўқув йили иккинчи семестридан бошлаб Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети Самарқанд давлат университети, Тошкент давлат иқтисодиёт университети, Тошкент давлат шарқшунослик университети ҳамда Тошкент давлат юридик университети ўртасида талабалар алмашинуви йўлга қўйилади. Бунда ички академик мобиллик дастурлари асосида таълим олиш истагини билдирган талабалар учун бир семестр мос таълим йўналишлари бўйича ўқитиш ташкил этилади.

Қолаверса, 2022/2023 ўқув йилидан университетнинг иқтидорли талабалари ишлаб чиқариш амалиётини ўташ учун Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналарига юборилади. Университет ҳузурида «Халқаро муносабатлар: сиёсат, иқтисодиёт, ҳуқуқ» журнали таҳририяти ташкил этилади.