Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида жойлашган Ғафур Ғулом боғи 1 сентябрь куни очилиши кутилмоқда. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати хабар берди.

Боғ ҳудудида олиб борилаётган ишлар Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитасининг доимий назоратида эканлиги таъкидланди. Уларнинг ўрганиш натижаларига кўра, бугунги кунга келиб, боғни 49 йилга ижарага олган BMP Smart Decision Private Limited хорижий компанияси томонидан боғ ҳудудида реконструкция қилиш, бино иншоотларини қуриш ва хориждан олиб келинган аттракционлар ҳамда ўйин қурилмаларини ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда ва шу мақсадда 71 млрд сўм маблағ сарфланган.


Компания раҳбари Отабек Мирзажонов «Газета.uz»га аниқлик киритишича, 1 сентябрь бу энг охирги муддат ва боғ августда очилиши режалаштирилмоқда.

«Биз августда очилмоқчимиз. Барибир у синов тариқасида очилади. Тўлақонли очилиш эса сентябрь ойи этиб кўрсатилган», — деди у.

Тадбиркор ижтимоий тармоқларда тарқалган паркни бошқа компания бошқарувига ўтказиш ҳақидаги хабарларни рад этди.

«Ҳа, [боғ BMP бошқарувида]. Агар биз бошқа [компания]га бериб юборсак, қурилиш ишлари яна 2−3 йилга чўзилиб кетади… Биз бир йилдан бери атрракционларни кутаяпмиз, улар йил давомида тайёрланади. Ҳозир бошқага бериб юбориш кимга керак?», — деди у.


Отабек Мирзажонов «ҳозирги кунда йиғилган ва созланаётган» аттракционларни ўрнатиш технологик жиҳатдан қийинлигини таъкидлади.

«Иккита йўлни қилиш қолди, яшил чимлар ва аттракционларни ўрнатиб бўлдик. Шу билан бўлди. Кўл қайта тикланди», — деди BMP вакили.

Февралда BMP Smart Decision Management вакили боғни 2022 йилнинг ёзида очиш режалаштирилаётганини маълум қилганди. Унинг сўзларига кўра, лойиҳага 4 млн доллар сармоя киритилган. Аввалроқ, Тошкент ҳокими Жаҳоншир Ортиқхўжаев инвестиция мажбуриятларини бажармагани учун танқид қилганди.