7 июль куни Нукус яқинида 100 дан ортиқ кучук ва мушукларнинг ўлиги топилгани ҳақидаги хабарларга Қорақалпоғистон Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси расмий муносабат билдирди.

Таъкидланишича, мазкур ҳолат республика қўмитаси инспекторлари П.Низомов ва Қ. Римовлар томонидан жойига чиққан ҳолда ўрганилган.

«Натижада Нукус шаҳри яқинида жойлашган маиший чиқиндилар полигонида ҳеч қандай ит ва мушукларнинг жасади йўқлиги маълум бўлди. Улар аҳоли яшаш пунктидан тахминан 12−15 км. узоқликдаги белгиланмаган жойга кўмиб ташланганлиги аниқланди.

«Таъкидлаб ўтиш жоизки, ўрганиш асносида ит ва мушукларнинг жасадлари Нукус шаҳар ободонлаштириш бошқармаси масъул шахслари томонидан А-380 „Нукус-Тўрткўл“ автомагистраль йўлининг ўнг томонида, аҳоли яшаш пунктидан тахминан 12−15 км узоқликдаги белгиланмаган жойга ноқонуний равишда кўмиб ташланганлиги аниқланди», — дейилади хабарда.

Ушбу ҳолатда қонунга хилоф равишда иш тутган масъул шахслардан тушунтириш хатлари олинган, зарур ҳужжатлар расмийлаштирилиб, Қорақалпоғистон прокуратурасига тақдим этилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Нукус шаҳри ҳайвонлар ҳуқуқлари ҳимоячилари ўз жамоавий мурожаат йўллаб, 22−23 июнь кунлари Нукусдаги ҳайвонларни тутиш хизмати ҳудудидан 150 га яқин ит ғойиб бўлганини маълум қилганди.

Ҳайвонларни боқиш ва овқатлантириш учун келган кўнгиллиларнинг сўзларига кўра, хизмат ходимлари итларнинг ғойиб бўлишини уларнинг гўёки шаҳар ташқарисига қўйиб юборилгани билан изоҳлашган. 7 июль куни Нукус яқинида жойлашган полигондаги чуқурдан 100 дан ортиқ кучук ва мушуклар ўлик ҳолда топилди. Ҳайвонларнинг оғзи ва панжалари сим билан боғланган, таналарида кўплаб яралар бўлган.