Соғлиқни сақлаш вазирининг тегишли буйруғи билан Абдувоитжон Ғафуров Республика тез тиббий ёрдам маркази директори вазифасини бажарувчи этиб тайинланди, деб хабар берди ССВ матбуот хизмати.

А.Ғафуров иқтисодчи ва дастурчи-муҳандис мутахассислигига эга. У ўз фаолияти давомида қатор хусусий сектор корхоналарида техник, ижрочи ва директор каби раҳбарлик лавозимларида ишлаган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президентининг 16 июнь куни имзолаган қарори билан Республика тез тиббий ёрдам маркази ва унинг 14 та ҳудудий филиали тез тиббий ёрдам хизмати ҳамда тиббий автохўжаликлар негизида ташкил этилди ва тез тиббий ёрдамнинг ягона вертикал бошқарув тизими йўлга қўйилиши белгиланди.