Ҳафтанинг иккинчи ярмида ҳарорат пасайиши кутилмоқда — Ўзгидромет

Ҳафта бошида Ўзбекистоннинг шимоли-ғарбий вилоятларида жазирама пасая бошлайди. Қорақалпоғистон ва Хоразмда 25−26 июль кунлари вақти-вақти билан ёмғир ёғиб, момақалдироқ бўлиши мумкин. Ҳафта охирига келиб, нисбатан салқин ҳаво бутун мамлакатга тарқалади, ҳаво ҳарорати +33…+36 даражагача тушади.

Президент 20 август куни тадбиркорлар билан мулоқот қилади

20 август — Тадбиркорлар кунида президент ишбилармон доира вакиллари билан навбатдаги очиқ мулоқотни ўтказади. Таклиф ва саволлар июль охирига қадар қабул қилинади.

Шавкат Мирзиёев шу ҳафта ШҲТга аъзо давлатлар ТИВ раҳбарларини қабул қилади — Шерзод Асадов

Шу ҳафта Шавкат Мирзиёев ШҲТга аъзо давлатлар ТИВ раҳбарларини қабул қилади, Афғонистон бўйича халқаро конференция иштирокчиларига эса мурожаат йўллайди, деб хабар қилди президент матбуот котиби. Шерзод Асадов шунингдек, давлат раҳбарининг туғилган куни қандай ўтгани ҳақида ҳам маълумот берди.

Рамзан Қодиров Шавкат Мирзиёевга иккита от совға қилди

24 июль куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевни туғилган куни билан қўшни давлатлар раҳбарлари, шунингдек, Озарбайжон, Беларус, Россия ва Туркия раҳбарлари табриклади. Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров унга иккита от совға қилди.

Энергетика вазирлиги: чекловлар кенг кўламли муаммоларнинг олдини олади

Энергетика вазирлигининг хабар беришича, юқори ҳарорат ва электр узатиш линияларининг ҳаддан ташқари қизиб кетиши шароитида диспетчерлар айрим ҳудудлар ва саноат объектларини электр таъминотидан вақтинча узишга мажбур бўлмоқда. Агар шундай қилинмаса, катта ҳажмда бахтсиз ҳодисалар юз бериши мумкин.

Ўзбекистон мобил интернет нархи арзон бўлган 20 та давлат қаторига кирди

Ўзбекистон мобиль интернет нархининг арзонлиги бўйича дунёда 15-ўринга чиқди. Мамлакатда 1 ГБ мобил интернетнинг ўртача нархи йил давомида деярли 40 фоизга, уч йил ичида эса қарийб 9 мартага арзонлашган.

Нигора Сувонова — оғир атлетика бўйича Осиё чемпиони

Ўзбекистонлик оғир атлетикачи Нигора Сувонова (-81 кг) Осиё чемпионатининг барча турдаги дастурлари бўйича 6 та олтин медални қўлга киритди. Терма жамоа ҳисобига яна 19 та медални Мадина Файзуллаева, Шарофиддин Амриддинов, Қудратбек Салимжонов, Нурбол Абдурашидов ва Хушноза Холиқовалар олиб келишди.

Ҳозирга қадар Ўзбекистонда вабога чалинган бемор аниқланмаган — СЭС

Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистонда вабо касаллиги аниқлангани ҳақида хабарлар тарқалди. СЭС бошлиғи ўринбосари Нурмат Отабеков буни рад этиб, ҳозиргача мамлакатда умуман вабо аниқланмаганини маълум қилди. СЭС очиқ сув ҳафзалари ва ичимлик сувини вабога қарши мунтазам текшириб тургани қўшимча қилинди.

«Тартибга солувчи гильотина» усули орқали ҳукуматнинг 422 та қарори бекор қилинди

Вазирлар Маҳкамаси битта қарори билан ўзининг 422 та қарорини бекор қилди. Бунда «тартибга солувчи гильотина» усулидан фойдаланилди.

Нукусда 100 дан ортиқ ит ва мушукларнинг жасадини ободонлаштириш ходимлари кўмиб ташлагани маълум бўлди

Нукус яқинида 100 дан ортиқ ит ва мушуклар жасадини шаҳар ободонлаштириш бошқармаси масъул шахслари ноқонуний равишда кўмиб кетгани аниқланди. Мансабдорлардан тушунтириш хатлари олиниб, ҳужжатлар кўриб чиқиш учун Қорақалпоғистон прокуратурасига юборилди.

Республика тез тиббий ёрдам маркази директори вазифасини бажарувчи тайинланди

Абдувоитжон Ғафуров Республика тез тиббий ёрдам маркази директори вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.

МБ ҳукуматдан имтиёзли ва директив кредитлар ҳажмини камайтиришни сўрамоқда

Жаҳондаги иқтисодий ва геосиёсий вазият оқибатида қашшоқлик даражаси ўсиб бораётгани учун имтиёзли кредитларни бекор қилишни кейинга қолдиришга тўғри келди, деди МБ раиси Мамаризо Нурмуратов. Шунга қарамасдан регулятор ҳукуматдан имтиёзли ва директив кредитлар ҳажмини камайтиришни сўрамоқда.

Дипломатия университети «Смарт университет» тизимига ўтади

Президент қарори билан, ЖИДУ «Смарт университет»га айлантирилади. Олийгоҳ 2022/2023 ўқув йилида Ўзбекистоннинг тўртта университети билан талаба алмашинувини йўлга қўяди. Қолаверса, университетнинг иқтидорли талабаларига хориждаги дипломатик ваколатхоналарда амалиёт ўташ имконияти берилади.

«Humo ва Uzcard интеграцияси маълум қийинчиликлар билан кетяпти» — МБ раҳбари

Humo ва Uzcard тўлов тизимлари ўзаро интеграция асосида ишламоқда, бироқ жараён маълум қийинчиликлар билан кетяпти, дея таъкидлади МБ раҳбари Мамаризо Нурмуратов. Унинг сўзларига кўра, айрим Uzcard шартлари Humo`га тушмайди.

Сузиш федерацияси мансабдорлари 1 млрд сўмдан ортиқ маблағни талон-торож қилгани аниқланди

Сузиш федерацияси мансабдорлари терма жамоа таркибида бўлмаган фуқарони халқаро йиғинга юбориб, 71 млн сўмни асоссиз ишлатгани, 287 нафар спортчи меҳмонхона хизматидан фойдалангани ҳақида сохта ҳужжат тайёрлаб, 1 млрд сўмни талон-торож қилгани аниқланди. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди.

Самарқанддан Тошкентга 703,9 млн сўмлик 10 дона олтин қотишмасини олиб кетаётган шахс ушланди

Самарқанд вилоятидаги «Юқори нуқта» ЙПХ масканида Hyundai Elantra ҳайдовчиси ёнида умумий оғирлиги 1,1 кг бўлган 10 дона олтин қотишмаси борлиги аниқланди. Баҳоси 703,9 млн сўмлик олтин Тошкентга олиб кетилаётгани маълум бўлди. Гумондорга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

Ғафур Ғулом боғи очилиши сентябрга қолдирилди — Сенат

Тошкентдаги Ғафур Ғулом боғи 1 сентябрь куни очилиши режалаштирилмоқда, деб хабар берди Сенат. Боғни 49 йилга ижарага олган BMP Smart Decision Management вакили бу охирги муддат эканлиги ва объектнинг очилиши август ойида бўлиб ўтиши мумкинлигини қайд этди.

«Газета.uz»да эълон қилинган мақола:

IT, тиббиёт, молия — яқин келажакнинг энг истиқболли ва барқарор касблари қайси?

Глобал меҳнат бозорида ишчи кучига бўлган талаб юқори даражада қайта тикланиб, рекорд даражадаги «иқтидорлар танқислиги» кузатилмоқда. Ушбу мураккаб бозор шароитида қайси касблар энг истиқболли, даромадли ва барқарор бўлади? «Газета.uz» мақоласида келажак касблари ҳақида ҳикоя қилинади.