20 август куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг тадбиркорлар билан иккинчи очиқ мулоқотини ўтказиш режалаштирилмоқда.

Бизнес-омбудсман, Савдо-саноат палатаси ва Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги президентга мурожаатларни қабул қилмоқда.

Тадбиркорлар ўз фаолияти юзасидан муаммо ва таклифларини 31 июлга қадар 1094 қисқа рақамига ва taklif2022.uz веб-сайти орқали юборишлари мумкин.

Ҳудудларда ҳам ишбилармонлар ўз таклифларини билдиришлари учун учрашувлар ўтказилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг 20 август куни президент илк бор тадбиркорлар билан очиқ мулоқот форматида учрашув ўтказганди. Ўшанда 15 мингдан ортиқ савол ва таклифлар келиб тушганди. Улар еттита йўналиш бўйича тизимлаштирилганди ва якунда уларни ҳал этиш юзасидан президентнинг бир қатор қарорлари қабул қилинганди.

Шавкат Мирзиёев ўша учрашув давомида шу каби мулоқотларни ҳар йили ўтказиш ҳамда 20 августни Тадбиркорлар куни деб эълон қилишни таклиф қилганди.